Ғазодаги 72 соатлик оташкесим бекор қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Исроил армияси Ғазодаги аҳолига Ҳамас билан бир неча соат аввал эришилган 72 соатлик оташкесим барбод бўлганини эълон қилган.

Армия Ғазо яшовчиларини кўчаларга чиқмаслик билан огоҳлантирган.

Фаластиндаги манбаларга кўра, оташкесимга эришилганидан сўнг Ғазонинг Рафа шаҳрида амалга оширилган Исроил ҳужумида камида 30 одам ҳалок бўлган. Исроил Ҳамаснинг ракета ҳужумига жавоб қайтарганини айтди.

Жума куни эрталаб Исроил ва Ҳамас 72 соатлик инсонпарварлик оташкесимини эълон қилгандилар.

Би-би-сининг Ғазодаги мухбири Жон Доннисон Исроил бомбардимони ва Фаластин ракеталари оташкесим эълон қилинишигача давом этгани, лекин оташкесим ортидан осмон узра осойишталик ҳукм сураётганини хабар қилганди.

Тонгда Ғазодаги ҳаёт ўз изига тушаётгандек кўринди: кўплаб фаластинлик ўз уйлари қандай аҳволда эканини кўриш учун оғир бомбардимонга учраб келинган ҳудудларга йўл олишди.

Оташкесимни эълон қилар эканлар, АҚШ ва БМТ бу амалнинг инсонпарварлик мақсадларида эканини урғуладилар, аммо Исроил қўшинлари Ғазода қолишмоқда.

"Бу оташкесим зўравонликдан чарчаган бегуноҳ оддий аҳоли нафасини ростлаб олиши учун жуда муҳим", - деди АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

Унинг айтишича, оташкесим даврида Ғазодаги аҳоли озиқ-овқат ва тиббий кўмакларни олиш, марҳумларни дафн қилиш ва жароҳат олганларга ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўладилар.

Ҳиндистонда гапирар экан, жаноб Керри мазкур оташкесим можаронинг якун топганига кафолат эмаслигини айтди.

"Бу бир танаффус. Бу интиҳо эмас, балки имконият дақиқаси", - деди у.

Айни дамда Исроил ва Фаластин вакиллари узоқ муддатли ярашувга эришиш истиқболларини муҳокама этиш учун Мисрга келишган.

Ҳамас Ғазо блокадаси бекор қилинишини истайди.

Исроил эса Ғазодаги жангарилар қуроллантирилмаслигига халқаро кафолат берилиши, ҳамда Исроилга ўтадиган туннеллар қурилмаслигини талаб қилаяпти.

Ҳозирча эса Исроил Ҳамаснинг ерости йўлларини йўқ қилиб бўлмагунча ҳужумларини давом эттиришини билдирган.

Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, можарода шу вақтгача аксари оддий фуқаролар бўлган 1460 фаластинлик ҳалок бўлган. Аксари аскарлар бўлган 63 исроиллик ҳам нобуд бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer