Украин кучлари бўлгинчилар пистирмасига учради

Украинанинг Донецк вилоятидаги Малайзия учоғи қулаган жойга яқин ҳудудда бўлгинчилар уюштирган пистирмада камида 10 украин аскари ҳалок бўлган.

"Маҳаллий шароитларни яхши билган душман кучлари Шахтёрск аҳоли пунктида пистирма уюштириб, бизнинг қўшинларимизга қарата ўт очишди", - дея хабар қилди Украина шарқидаги аксилтеррор амалиётлари матбуот воизи Владислав Селезнёв.

Аксилтеррор амалиётларининг Фейсбукдаги саҳифасида айтилишича, украин ҳарбийлари ортга чекинганлар ва ҳозирча жанг майдонидан саккиз жасад олиб чиқилган.

"Жангарилар ҳалок бўлганлар жасадининг олиб чиқилишига қаршилик кўрсатиб, жанг майдонини мунтазам равишда ўққа тутишаяпти. Аксилтеррор амалиёти мутахассислари, шунингдек, жасадларнинг шахсини аниқлашдек муаммога юз тутдилар", - дейилади хабарда.

Айни дамда Украина матбуоти ҳалок бўлганлар сони 20дан ортиқ эканини хабар қилган.

Бўлгинчиларнинг ўзлари эса украин армиясининг 30дан ошиқ ҳарбий техникасини йўқ қилганларини айтишмоқда.

Жанглар давом этаётган бир вақтда 70 нафар Голландия ва Австралия полицияси экспертлари Малайзия учоғи қулаган жойда тергов ишларини бошлаб юборганлар.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг карвони билан келган мутахассислар яқин орадаги фермада ўз базаларини ўрнатганлар.

Австралия ҳалокат майдонида ҳали 80 йўловчи жасади қолаётганига ишонади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer