Камерон:'НАТО Россия билан муносабатларини қайта кўриб чиқиши керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Июн ойидаги юзма-юз учрашув: Владимир Путин ва Девид Камерун

Британия Бош вазири Девид Камерон Шимолий Атлантика Блоки - НАТО ўзини "душман" деб кўрувчи Россия билан узоқ муддатли муносабатларини қайта кўриб чиқиши кераклигини айтиб огоҳлантирган.

Жаноб Камеронга кўра, Россиянинг Украинадаги "ноқонуний" ҳатти-ҳаракатлари боис Шарқий Оврўпода "кучли ҳозирлик" бўлиши шарт.

Британиядаги саммит олди бошқа НАТО раҳбарларига йўллаган мактубида Бош вазир Россияга "НАТО ёки унинг аъзолари қўрқмаслигини" етказиш кераклигини айтади.

Камерон жаноблари тавсия қилаётган режалардан янги ҳарбий машғулотлар жадвали ўрин олган.

'Тарихнинг муҳим палласи'

Девид Камеронга кўра, асбоб-ускуналар ва зарурий эҳтиёж заҳиралари асосий нуқталарда жойлаштирилиши лозим. Шунингдек, у НАТОнинг таҳдидга жавоб берувчи кучларини кучайтиришга чақирган.

Мактуб иттифоқдаги ҳамкасблари ва НАТО Бош котиби Андрес Фог Расмуссенга йўлланган. НАТОнинг навбатдаги йиғини 6 ҳафтадан сўнг Увелс жанубидаги Нюпорт шаҳрида ўтиши кутилмоқда.

Олдинроқ, британиялик бир гуруҳ депутатлар тайёрлаган ҳисоботида Шимолий Атлантика Иттифоқи Россиянинг аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилишига яхши тайёрланмагандан огоҳлантирилганди.

Британиялик миллат вакилларининг ишонишларича, Россия томонидан одатий ҳужум эҳтимоли кам, аммо мунтазам бўлмаган қўшинлар иштирокидаги ахборот уруши ва кибер ҳужумлар эҳтимоли мавжуд.

НАТО саммити Британияда 1990 йилдан бери илк бор ўтказилишидир. Совуқ Уруши якунига етаётган вақтда Лондонда ўтган йиғинга Маргарет Тэтчер мезбонлик қилганди.

Бош вазир: "2014 йилга келиб дунё ҳар доимгидан кўра башорат қилиб бўлмайдиган вазиятда ва биз тарихнинг яна бир палласида учрашамиз", деб айтган жаноб Камерон.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ