Британияга парвоз қилган йўловчи сохта таҳдид туфайли ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Британияга парвоз қилаётган учоқ бортида сохта бомба таҳдидини қилган киши Манчестер аэропортида ҳибсга олинган.

Учувчи мазкур йўловчининг таҳдиди ҳақида маълумот узатиши ортидан Қироллик Ҳаво қўшинларининг ҳарбий қирувчи учоқлари Қатар ҳаво йўллари учоғига ҳамроҳлик қилганлар.

Манчестер полицияси ушбу ҳодисани ўта жиддий қабул қилаётганини хабар қилган.

Доҳадан парвоз қилган учоқ Манчестер аэропортига қўниши билан қуролли полиция зобитлари учоққа чиқиб йўловчини ҳибсга олганлар.

Манчестер аэропортига учоқлар қўниши ёки ундан учиши 25 дақиқага тўхтатилган.

Қатар ҳаво йўлларининг Airbus А330-30 учоғида 269 йўловчи ва 13 ҳаво йўллари ходими бўлган.

Қироллик Ҳаво қўшинлари Typhoon қирувчи учоғи учувчининг ёрдам илтимосини олиши билан Линколншир графлигидаги Конингсби базасидан ҳавога кўтарилганини маълум қилди.

Йўловчилардан бири Жон Ҳартли қирувчи учоқларни ҳавода кўрганида йўловчилар жуда қўрқиб кетишганини билдирди. "Ҳозир ҳам қалтираяпман", - деди у.

Йўловчи нима учун сохта бомба борлигини айтиб таҳдид қилгани ҳозирча номаълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer