Британиянинг Ғазо сиёсатидан норози баронесса Варси истеъфо берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Британия Ташқи Ишлар вазири ўринбосари баронесса Варси ҳукуматнинг Ғазо масаласи бўйича сиёсати "ахлоқан қабул қилиб бўлмас" эканлигини айтиб, истеъфога чиқди.

Бир вақтлар Консерваторлар партияси раиси бўлган баронесса Варси 2010 йили бош вазир Дэвид Камерон ҳукумати иқтидорга келган вақти Вазирлар маҳкамасининг илк мусулмон аъзоси бўлганди.

Бош вазир баронесса Варсига яхши ишлагани учун миннатдорчилик билдириб, Ғазода "шартларсиз оташкесимга" эришиш тарафдори эканлигини билдирди.

Аммо Британия молия вазири Жорж Осборн Варси хоним истеъфосини "афсусланарли ва очиғини айтганда керак бўлмаган амал", дея таърифлади.

Баронесса Варси ўзининг истеъфоси ҳақида ёзган мактубида ҳукуматнинг Ғазо борасидаги сиёсати "ахлоқан қабул қилиб бўлмас, Британия манфаатларига зид ва узоқ муддат нуқтаи назаридан халқаро ва ички обрўсига путур етказувчи" дея таърифлаган.

"Мен ўзим қабул қилган қарорлар ё-да қўллаган қарорларимдан қониққан бўлишим керак. Ҳозирда ҳукумат таркибида қолиб ўзимни шундай ҳис қилишимга амин эмасман", дея илова қилди у.

Британия Бош вазири қароргоҳи баронесса Варсининг истеъфоси муносабати билан чиқарган баёнотида , "бизнинг сиёсатимиз ҳамиша очиқ бўлган. Биз Ғазодаги вазият тоқат қилиб бўлинмаслиги, иккала томонни ҳам зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз оташкесимга эришишларига даъват қилиб келганмиз", дея айтилган.

Бош вазир ўринбосари Ник Клегнинг айтишича, Ғазо борасида турли фикрлар мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас ва баронесса Варси бу борада қатъий мавқега эга бўлиб келган.

Исроил ракета ҳужумларига чек қўйиш ва Ғазодаги ер ости йўлларини йўқотиш важлари билан июл ойининг 8 куни ҳужумларни бошлаган эди.

Ғазо расмийларига кўра, ўтган тўрт ҳафта мобайнида 1800 фаластинлик ўлдирилган. Исроил томонидан 67 киши ҳалок бўлган.

Баронесса Варси охирги бир неча кун мобайнида Twitter микроблог тармоғида Ғазо борасида ўзининг фикрларини изҳор қилиб келмоқда эди.

"Бегуноҳ инсонларнинг қатли тўхтамоғи лозим. Иккала томон раҳбарлари ҳам бу азиятларни тўхтатмоғи шарт", дейилади баронессанинг твитларидан бирида.

"Ёш болаларни ўлдиришни оқлаётганлар, бас қилинг. Сиёсат қандай бўлмасин, буни ҳеч ҳам оқлаб бўлмайди. Ғазодан қайғудаман", деб ёзганди у Twitterда.

Покистонлик муҳожир оиладаги беш қиздан бири бўлган баронесса Варси Лидс Университети ҳуқуқшунослик факултетини битирган.

Қироллик Прокуратурасида ўз иш фаолиятини бошлаган Варси хоним кейинчалик шахсий адвокатлик хизматини ташкил қилган.

Баронесса Варси Ўзбекистонга Британия вакили сифатида қатор ташрифлар билан борган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ