Россия Ғарбдан озиқ-овқат келтиришни тақиқлади

Россия Оврўпо Иттифоқи, Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатларидан озиқ-овқат импортига "тўла эмбарго" эълон қилмоқда.

Бу Украина масаласида Россияга қарши эълон қилинган жазо чораларига жавобдир.

Бош вазир Дмитрий Медведевнинг айтишича, импорти тақиқланадиган маҳсулотлар сирасига мева,сабзавот, гўшт, сут ва сут маҳсулотлари киради.

Австралия, Канада ва Норвегия давлатлари озиқ-овқат экспорти ҳам бундан истисно эмас.

Россия, шунингдек, Украина ҳаво йўллари учоқлари ўз ҳудудидан кесиб ўтишини ҳам тақиқламоқда.

Медведев бу ҳақда ҳукумат қўмитаси йиғинида гапирган.

Чоршанба куни Президент Владимир Путин "миллий манфаатларни ҳимоя қилиш мақсадида" махсус иқтисодий чораларга қўл уришга оид фармонга имзо чекканди.

Фармон Россияга қарши жазо чоралари эълон қилган мамлакатлардан йил давомида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хомашё ва озиқ-овқат келтиришни тақиқлайди.

Президент Путинни Украина шарқидаги вазиятни беқарорлаштиришда айблаётган АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи яқинда Россияга қарши жазо чораларини кучайтирган.

Ғарб, хусусан ОИ жазо чораларининг таъсири икки томонлама бўлиши ва бундан ўзи ҳам зарар кўришини тан олганди.

Аммо, ғарблик сиёсатчиларга кўра, Президент Путин бундан бошқа чора қолдирмаган.

Санкциялар Россия иқтисоди ва шахсан жаноб Путин учун оғриқли бўлиши айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ