'Хитойда иккинчи Чеченистон пайдо бўлиши мумкин'ми?

  • 9 Август 2014
Image copyright AP

Қаттиққўллик Шинжонда норозиликларни оловлантирмоқда. Хитой раҳбарияти ўз тактикасини ўзгартириши шарт.

Британияда чоп этилувчи нуфузли “The Economist” нашридаги мақола худди шундай сўзлар билан бошланади.

Мақола уйғурлар Хитойда ўзларини ҳеч қачон бамайлихотир ҳис қилишмагани, қачонлардир ана шу мусулмон туркий халқ катта сонда яшаган Шинжон ўзи истамаган ҳолда Хитой империясининг бир қисмига айланишга мажбур бўлгани ҳақидаги сўзлар билан давом этади.

Бу орада норози уйғурларнинг мустақил республика тузиш йўлидаги барча уринишлари, алал-оқибат, чиппакка чиққани айтиларкан, ўз ўрнида, Хитой ҳукуматининг 1949 йилдан буён Шинжоннинг овозини чиқармаслик сиёсати иш бермаётганлиги алоҳида таъкидланади.

“Хитой Президенти Си Цзинпин миллий зўравонликлар гирдобида қолиш билан таваккал қилаяпти. Шинжон – Хитойнинг Чеченистонига айланиши мумкин”, - деб ёзади “The Economist”.

Image copyright AFP

Мақоланинг худди шу ўрнида Хитой Коммунистик партияси минтақа назоратини ўз қўлида маҳкам тутиш учун бир эмас, бир нечта тактикани қўллаб кўргани тафсилотлари келтириларкан, уларнинг қанчалик уйғурлар фойдасига бўлгани таҳлил қилинади.

Мисол учун, Хитой ҳукумати инфратузилмасини яхшилаш ва саноат ишлаб чиқаришни кучайтириш учун минтақадан пулини аямаган бўлса-да, яратилган иш ўринларининг аксарияти ханларга насиб этгани, бошқарувдаги партия эса, уйғурларнинг салгина норозиликларига нисбатан ҳам кескин мавқеъга ўтиб олгани таъкидланади.

Агар, ушбу мақолада келтирилган рақамларга таянилса, ҳозирга келиб 22 миллионли минтақа аҳолисининг 40 фоиздан ортиқроғини ханлар ташкил этишади.

Нашрнинг ёзишича, жорий пайтда Шинжонда норозилик яшириб бўлмас бир даражага етган.

Ўтган ой эса, минтақа учун 2009 йилда Урумчида юз берган ва 200 га яқин инсоннинг умрига зомин бўлган зўравонликлар ортидан энг қонлиси бўлган.

Image copyright AP

Худди шу ўринда “The Economist” келтирган маълумотларга таянилса, Шинжонда кузатилган сўнгги зўравонликлар камида 100 кишининг ўлими билан якун топган.

Аммо, қачонки зўравонликлар бош кўтармасин, Хитой ҳукумати бунга нисбатан муросасиз мавқеъни намоён этади ва эътиборини жиҳодчилик таҳдидига қаратади, - деб ёзади нашр.

“Партия бу каби ҳужумларда, асосан Афғонистон ва Покистонни назарда тутиб, Марказий ва Жанубий Осиё чегаралари бўйлаб ёйилиб кетган исломий жангариларни айбдор деб билади. Бу билан маҳаллий уйғурлар ханлар билан ҳамоҳангликда умргўзаронлик қилишаётганини даъво қилмоқчи бўлади. Аммо, фожеа шундаки, Хитой ҳукуматининг ўзи айтган гапини рўёбга чиқариб, жиҳодчиликни уйғур жангарилигининг ўзагига айлантириши мумкин”, - дейилади мақола давомида.

“The Economist”нинг ёзишича, ҳозир Хитойнинг Шинжонга нисбатан қаттиққўл сиёсати ўз вақтида тоқатли бўлган бир халқни радикаллаштираётгани нишоналари пайдо бўлмоқда.

“Мисол учун, четдаги уйғур фаолларининг айтишларича, Қашғар яқинида юз берган сўнгги зўравонликларнинг террорчиликка ҳеч бир алоқаси йўқ. Уларга кўра, бунга полиция кучлари сабабчи бўлишган – ҳукуматнинг Рамазон ойида рўза тутишга қўйган тақиғини амалда қўлламоқчи бўлишган”, - дейилади ушбу мақолада.

Image copyright

Аммо, худди шу ўринда, нашрнинг Судан ва Ғарбий Соҳилдаги воқеалардан хулоса қилиб ёзишича, бирор бир можаро диний тус олса, унга барҳам бериш осон бўлмайди.

“The Economist” 90-йиллар бошидаги Чеченистон мисоли жаноб Сини қўрқитиши лозим, дейди.

Ўз ўрнида, нашрнинг эътироф этишича, Хитой президенти ҳозир мавжуд муаммони англаб етган кўринади.

“Дейлик, жаноб Си ўтган май ойида хосан Шинжондаги вазиятни муҳокама қилиш учун атайдан партия раҳбарларини йиғди. Улар Шинжон, айниқса, минтақа жанубида уйғурлар учун янги иш ўринлари яратиш лозимлигини ўзлари ҳам тан олишди. Йиғиндан кейин Шинжондаги давлатга қарашли корхоналарга янги ишчиларининг камида чорак фоизи уйғурлар ва бошқа миллий озчиликлардан бўлиши кераклиги айтилди. Уйғурларнинг таълим олишлари учун шарт-шароит яратиш лозимлиги - бошқа бир устивор масала бўлиши шарт, деб кўрилди”, - дея ёзаркан, “The Economist” бу чоралар, ҳалича етарли эмас, деган қарашни изҳор этади.

Мақолада хотима қилинишича, яна уйғурларнинг диний қадриятлари ҳурмат қилиниши, барча мусулмонларнинг Ҳажга боришларига изн берилиши, уйғурчада ўқиш, иш юритишга кўпроқ имконият яратилиши ва Хитой ҳукумати мўътадил уйғурларни таъқиб қилишни бас қилиши лозим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ