Исроилга: 'Оддий инсонлар ўлимига ортиқ тоқат қилиб бўлмайди'

  • 9 Август 2014
Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бирлашган Миллатлар Бош котиби уч кунлик оташкесим ортидан Ғазо бўлгасида бошланиб кетган янги зўравонликларга ана шундай муносабат билдирди.

Ўз ўрнида, АҚШ ҳам томонларни ўт очишни бас қилишга чақирди.

Аммо ўзаро ҳужумлар бугун тонгда ҳам кузатилди.

"Ҳамас" жангарилари ва Исроил орасидаги оташкесим кеча жума куни ўз ниҳоясига етганди.

Исроил томонига кўра, янги зўравонликларга бўлгадаги жангарилар томонидан отилган бешта ракета сабаб бўлган.

Уларнинг айтишларича, бунга жавобан шанба куни тонгда Ғазодаги ўттиздан ортиқ объектга ҳужум қилишган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, халқаро миқёсда янграётган бунга ўхшаш даъватлар ҳозирча бирор бир иш бермаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ғазо бўлгасида жанглар бошланган ўтган июл ойидан буён камида 1.960 киши қурбон бўлган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, улардан аксарияти фаластинлик тинч фуқаролардир.

Исроил томони берган жаъми қурбонлар сони эса, етмиш нафарга етиб-етмайди.

Уларнинг орасида ҳарбий бўлмаганлари бор-йўғи уч кишини ташкил этади.

Кеча жума кунги янги зўравонликлар ҳам яна беш нафар фаластинликнинг умрига зомин бўлган.

Хабарларга кўра, Исроилнинг сўнгги ҳужумларида 12 яшар бола ҳам қурбон бўлган.

"Ҳамас" жангарилари отган бешта ракетадан эса, икки нафар исроиллик яраланган.

"Тоқат қилиб бўлмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Оқ Уй матбуот воизи Жош Эрнест томонларга янги даъват билан чиққан.

Жаноб Эрнест уларни "доимий оташкесим"га эришиш йўлида иш олиб боришга чақирган.

АҚШ ҳукумати воизига кўра, "Ҳамас"нинг ракета ҳужумларини қайта бошлаш қарори биргина Исроил ва Фаластин халқини жиддий таҳдид остига қўймаган".

Унинг айтишича, "янги ракета ҳужумлари фаластинликларнинг умидларига ҳам зид келади".

Бирлашган Миллатлар Бош котиби Пан Ги Мунга кўра, "бўлгада тинч фуқароларнинг ўлимига ортиқ тоқат қилиб бўлмайди".

Чиппакка чиққан дипломатия

Ўз ўрнида, рақиб томонларни яраштириш учун Миср пойтахти Қоҳирада бўлиб ўтган бевосита музокаралар ҳам иш бермаган.

"Ҳамас" гуруҳининг баён қилишича, Исроил томони ўзларининг асосий талабларига кўнмаган.

Гуруҳ Исроил Ғазо бўлгаси қамалини бекор қилсин, дейди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бундан ташқари, 2011 йилда ўзаро келишув асосида қўйиб юборилган, аммо орадан қисқа вақт ўтмай, яна қўлга олинган 100 га яқин фаластинликнинг озод этилишини истайди.

Исроил эса, Ғазо бўлгаси буткул қуролсизлантирилишини хоҳлайди.

Аммо "Ҳамас" бунга мутлақ қарши, бироқ музокаралар ғоясига ҳануз хайрихоҳлигича қолмоқда.

Хабарларга кўра, янги зўравонликларга қарамай, Фаластин томони ҳайъати кеча тунда Қоҳирада яна мисрлик воситачилар билан учрашган.

Бироқ Исроил томони "отишмалар остида музокара қилмаслиги"ни айтиб, унда иштирок этишдан бош тортган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Фаластинлик юқори мартабали мулозим Мустафо Барғутийнинг Би-би-сига айтишича эса, Исроил жанубини нишонга олган сўнгги ракета ҳужуми "Ҳамас" эмас, фаластинлик бошқа гуруҳларнинг ишидир.

Шу пайтгача берилган қурбонлар

Фаластин томони:

1.922 киши - улардан 1.407 нафари тинч фуқаро.

Шундан 448 таси бола, 235 таси эса, аёллардир.

Исроил томони

67 киши - 64 нафари аскар.

Шундан 2 таси тинч фуқаро, яна бир нафари хорижлик.

(Манба: OCHA; 0500 GMT 8 август).

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ