Эрдўғон Туркиядаги президентлик сайловида ғалаба қозонган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркияда сайловчиларнинг овоз бериши билан бўлиб ўтган илк президентлик сайловида Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон 52 фоиз овоз тўплаб ғалабага эришган.

Бунгача Туркияда президентни парламент сайлаган.

Деярли барча бюллетенлар санаб бўлинганда жаноб Эрдўғон 52 фоиз овоз тўплагани эълон қилинган.

Ражаб Тойиб Эрдўғонга қарши тажрибали дипломат Акмалиддин Эҳсонўғли ва ёш курд сиёсатчиси Салоҳиддин Демирташ президентлик учун курашга киришган эди.

Акмалиддин Эҳсонўғлининг 38 фоиз овоз тўплагани эълон қилинган.

Ислом Ҳамкорлик ташкилотини бошқарган 71 ёшли жаноб Эҳсонўғли ўз мағлубиятини тан олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Туркия парламент республикаси ҳисобланади ва бу мамлакатда президент бош вазирчалик қудратга эга эмас.

Агар президентлик сайловида ғалаба қозонса, жаноб Эрдўғон президент ваколатларини кучайтиришга ваъда берган.

Бунинг учун Туркия конституциясига ўзгартириш киритиш талаб қилинади.

Анқарадаги Би-би-си Марк Лоуэн айтишича, Туркияда жаноб Эрдўғонга зиддиятли сиёсатчи сифатида қарашади.

Бир тарафдан, жаноб Эрдўғоннинг иқтисодий ислоҳотлари учун унинг дастакловчилари сони кўпайган.

Мухолифлари эса унинг қаттиққўл сиёсати ва Ислом динига мойиллигидан норозилар.

"Туркия Сурия, Ироқ ва Украина инқирозлари орасида қамалиб қолди. Ва айни пайтда Туркия Ғарбнинг асосий иттифоқчиси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Туркиядаги президентлик сайловида ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, у автоматик тарзда дунё миқёсидаги сиёсатчига айланади", дейди Би-би-си мухбири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ