Исроил ва Ҳамас Ғазодаги 72 соатлик оташкесимга рози бўлдилар

Image caption Томонлар 10 август тунида ўт очишни 72 соатга тўхтатишга рози бўлганлар.

Исроил ва Ҳамас Ғазода 72 соат мобайнида ўт очишни тўхтатишга розиликларини эълон қилганлар.

Ўтган ҳафтада ҳам Миср ҳукумати воситачилигида душман тарафлар уч кун давомида оташкесимга эришганлар, бироқ 8 август жума куни яна ҳужумлар бошланиб кетган эди.

Бу галги оташкесимнинг маҳаллий вақт билан 11 август тунги соат 1, Гринвич вақти билан соат 21 да бошланиши эълон қилинган.

Бу галги 72 соатлик оташкесим музокарачиларни янада кўпроқ муддатга ўт очишни тўхтатишга келишишларига йўл очади, дея умид қилинмоқда.

8 август куни Исроил ҳайъати Қоҳирадан қайтган, улар ўт очилиб турган пайтда музокара олиб бормасликларини айтганлар.

Ҳамас эса агар Исроил ҳайъати Қоҳирага қайтмаса, музокаралардан буткул чиқиб кетиши билан огоҳлантирган.

Ана шундай мураккаб вазиятда якшанба куни кечқурун ўт очишга томонлар рози бўлгани кўпчиликни қувонтирган.

"Исроил Мисрнинг 72 соатлик ўт очишни тўхтатиш таклифини қабул қилди", деб айтган Исроил расмийси Би-би-сига.

Агар оташкесимга риоя қилиб турилса, Исроил Қоҳирага ўз музокарачиларини юбориши ҳақида маълум қилган у.

Ҳамас вакили ҳам Исроил оташкесим таклифини бирор бир шартларсиз қабул қилса, музокара даврасига қайтишлари ҳақида билдирган.

Миср Ташқи ишлар вазирлиги томонларни билвосита мулоқотларни қайта тиклаш ва "ҳар томонлама ва давомли ўт очишни тўхтатиш келишуви" устида ишлашга чақирган.

Ғазо бўлгасидан Ҳамас жангарилари Исроил ҳудудига қарата отган ракеталарга қарши Исроил бўлгани ҳаво ҳужумларига тутишни 8 июлда бошлаган, бир ой давомида 2000 инсон ҳалок бўлди.

Жума кунидан буён Исроил ҳаво ҳужумлари камида 20 фаластинликни ўлдирган.

Миномёт ҳужумида икки исроиллик жароҳатланган.

БМТга кўра, Ғазода ҳалок бўлган 1969 инсоннинг 1900 нафари тинч фуқаро бўлган.

Исроилнинг 64 ҳарбийси, уч тинч фуқаро ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ