Туркияда халқ президентни сайламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Туркияда илк бор мамлакат президентини парламент эмас, сайловчилар сайламоқдалар.

Бош вазирлик лавозимини 2003 йилдан буён эгаллаб келаётган Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг бундан кейин ҳукуматни бошқариши мумкин эмас, у президентликка ўз номзодини илгари сурган.

Жаноб Эрдўғон президентлик лавозимини эгаллаш билан ўзининг "янги Туркия" орзусини рўёбга чиқаришни исташини айтади, унинг мухолифлари эса жаноб Эрдўғон авторитар бошқарувини янада мустаҳкамлаши эҳтимолидан огоҳлантирадилар.

Сайловчилар овоз бериши билан аниқланадиган президентлик сайловида уч номзод рўйхатга олинган.

Булар - Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон, Ислом Ҳамкорлиги ташкилотининг собиқ раиси Акмалиддин Эҳсонўғли, ёш курд сиёсатчиси Салоҳиддин Демирташ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

10 август куни сайлов участкалари эрталабки соат 8 дан очилган.

Президентлик сайловида овоз бериш кечки соат 17 гача давом этиши мўлжалланган.

2014 йил бошида Туркия аҳолисининг сони 75 миллионни ташкил этгани хабар қилинган.

Якшанба кунги сайловчилар иштироки кузатувлари шуни кўрсатганки, сайловчилар шу йил март ойидаги парламент сайловларидагидек фаол бўлмаганлар.

Туркия парламент республикаси ҳисобланади ва президент бош вазирчалик қудратга эга эмас.

Агар президент этиб сайланадиган бўлса, Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон Туркия конституциясига ўзгартириш киритиб, президент ваколатларини кучайтиришга ваъда берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Анқарадаги Би-би-си Марк Лоуэн айтишича, Туркияда жаноб Эрдўғонга зиддиятли сиёсатчи сифатида қарашади.

Бир тарафдан, жаноб Эрдўғоннинг иқтисодий ислоҳотлари учун унинг дастакловчилари сони кўпайган.

Мухолифлари эса унинг қаттиққўл сиёсати ва Ислом динига мойиллигидан норозилар.

"Туркия Сурия, Ироқ ва Украина инқирозлари орасида қамалиб қолди. Ва айни пайтда Туркия Ғарбнинг асосий иттифоқчиси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Туркиядаги президентлик сайловида ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, у автоматик тарзда дунё миқёсидаги сиёсатчига айланади", дейди Би-би-си мухбири.

Жаноб Эрдўғоннинг сайловдаги рақиблари Акмалиддин Эҳсонўғли ва Салоҳиддин Демирташ дунёда у қадар машҳур эмаслар.

71 ёшли Акмалиддин Эҳсонўғли тажрибали дипломатдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

У 2004 йилдан 2014 йилгача Ислом Ҳамкорлик ташкилотини бошқарган.

Жаноб Эҳсонўғли номзодини Туркия парламентидаги икки йирик мухолифат партиялари - Республикачи Халқ партияси ва Миллий ҳаракат партияси илгари сурганлар.

Акмалиддин Эҳсонўғли Туркиядаги ҳозирги президент мақоми ўзгармаслиги тарафдори.

У президент ҳар кунги сиёсий ҳаётда иштирок этиши шарт эмас, деб ҳисоблайди.

41 ёшли таниқли курд сиёсатчиси Салоҳиддин Демирташ Халқ Демократик партиясининг раҳбаридир.

У ўзининг сайловолди кампаниясида курдлар, камбағаллар, ёш турклар ва ишчи синф дастагига таянишга қарор қилган.

Агар 10 августдаги сайловда бирор бир номзод 50 фоиз овозни тўплашга муваффақ бўлмаса, 24 август куни президентлик сайловининг иккинчи босқичи мўлжалланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ