Эболани енгиш мумкинми ва ё янги дориларни қўллашга нималар халақит қилади?

Image caption Сўнгги рақамларга кўра, Эбола ҳозиргача қарийб 1, 000 кишининг умрига зомин бўлган

Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти тиббий этика масалалари бўйича экспертлари Женевада учрашиб, Эбола вирусига қарши янги дориларни синаб кўриш эҳтимолини муҳокама қилишмоқда.

Шу кунгача касалликка қарши эмдори ва ё даъво топилмаган ва вирус Ғарбий Африка бўйлаб тарқалишда давом этмоқда.

Сўнгги рақамларга кўра, Эбола ҳозиргача қарийб 1, 000 кишининг умрига зомин бўлган.

Эбола

Эбола Конго Демократик Республикаси шимолидан ўтувчи дарё номидан олинган. Вирус илк бор 1976 йилда аниқланган.

Ўшандан бери вирус бир неча минггина инсоннинг ўлимига сабаб бўлгани айтиларкан, ўта жиддий хасталик сифатида кўрилмаган.

Аксинча солиштирганда, безгак ва сил ҳар йили бир неча миллион одамнинг ёстиғини қуритади. Ёки, қизамиқдан 2012 йил 122, 000 киши нобуд бўлган.

Ҳали ҳамон Эболага оид тасаввурлар тўла шаклланмаган. Бизга вирус айнан қайси ҳайвонда яшаши ҳам қоронғу. Кўршапалаклар узоқ вақтдан бери гумон остида ва агар бу аниқ бўлса, касаллик тарқалишининг олдини олиш ва назорат қилиш мушкул дейиш мумкин.

Вирус тана суюқлиги орқали инсондан инсонга ўтади. Уни юқтирган беморларда қонаш, қусиш ва ич кетиш каби аломатлари кузатилади. Инсонни ўлдириш даражаси 50%дан 90%гача деб кўрилади.

Иснод

Эбола билан оғриш иснод деб кўрилади. Ундан азият чекканлар, омон қолганлар ва ҳатто, уни даволовчи тиббиёт ходимларига ҳам жамиятда ижобий назар билан қаралмайди.

Ўтмишда Эболадан тирик қолган одамлар ўз жамоаларига қайта қабул қилинмаган. Айримлари иш топишда мушкулотларга дуч келган бўлишса, бошқаларини турмуш ўртоқлари ташлаб кетишган.

Вирус 2000-2001 йилларда Угандада тарқаларкан, шифо топганларга тегишли ашёлар ва уй-жойлар ёқиб юборилган.

Қизил Хоч тайёрловдан ўтказган кўнгиллилар асоссиз қарашларга қарши курашиш учун кўплаб қишлоқларга сафар қилишган ва одамларни хасталикдан омон қолган чақалоқларни кўкракларидан итармасликка чақиришган.

Габонда 1995-1997 йиллар кузатилган эпидемиядан тирик қолганлардан бири одамлар уни кўришса, айланиб ўтишгани, таксилар тўхтамагани, йўл назорат нуқталарида полиция уларнинг ҳужжатларини текширишдан қўрқиб ҳайдаб солгани ҳақида гапириб берган.

Шифохоналарда эса, Эболага чалинганларни даволаш учун шароитлар ҳар доим етарли бўлмагани ўтмишдаги эпидемия ҳолатларига сабаб кўрилган. 1976 йилдан бери асосий жабрдийдалар тиббиёт ходимлари саналган. Бу эса, вирус билан боғлиқ миш-мишларнинг урчишига сабаб бўлган.

1995 Конго Демократик Республикаси Киквит шаҳрида Эбола тарқаларкан, "шифокорлар яқин-атрофдаги конлардан ноқонуний олмос ўғирлаганларни ўлдираётгани" борасида гап-сўзлар тарқалганди.

Адоват

Угандадаги касаллик тарақалиши билан боғлиқ ҳолатда маҳаллий одамлар оқ танлилар жабрдийдалар танаси аъзоларини пул учун сотишади деб ишонишган. Ғарблик тиббий мутахассисларга шубҳа билан қаралган ва айрим ҳолларда айнан шулар мамлакатга касалликни ташиб келаётгани тахмин қилинган.

Ҳар бир Эбола эпидемияси маҳаллий қаршилик ва адоватга дуч келган. 2002 йил январида халқаро экспертлар ҳайъати зўравонлик таҳдидлари боис Габон қишлоқларини ташлаб қочишга мажбур бўлишганди.

Африкадаги урф-одатлар, масалан, дафн маросимлари ҳам касалликнинг тарқалишига хизмат қилган. Аммо, уларга аралашиш норозиликларни келтириб чиқарган. Ўтмишда маҳаллий одамлар эҳтиёткорликка оид тавсияларга қулоқ тутишмаган.

Баъзи жамоалар эса, кўпроқ анъанавий табобатни афзал билишган. Ва касаллик терини кесиш ва ё бошқа удумлар орқали тарқалаверган.

Айрим мамлакатларда ушбу хасталик билан ҳисоблашишга қодир инфратузилманинг ўзи яхши ривож топмаган.

Янги дориларни синаб кўриш борасида қарор олишда айни мана шу мураккаб тарихий, маданий ва ижтимоий илдизлар ҳисобга олиниши зарур.

Тиббий этика масаласи Африкада ўзгача аҳамият касб этиши ва Ғарб меъёрларини бошқа бир маданиятларга сингдириш хатарли кечиши мумкин.

Бундан ташқари, янги дорилар қанчалар фойдали бўлиши ва ё зиён етказиши, беморлар, тиббиёт ходимлари ва бошқалар учун оқибатлари қандай бўлиши ҳақида ҳам аниқ гапириш мумкин эмас экан, бу оқибатларга матбуот ва маҳаллий жамоалар муносабати қандай бўлишини ҳам башорат қилиш мушкул.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ