Ливанни тутган миш-миш ва ё "Исломий Давлат"ни АҚШ яратганми?

  • 12 Август 2014
Image copyright none

"Исломий Давлат"нинг яратилиши ортида Америка турибдими? Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Сюзанна Кианпур яқинда Ливанда тарқалган фитна назарияларига назар ташлайди.

"Фитна назариялари Яқин Шарқдагиларнинг қонида бор", дейди Байрут марказидаги ресторанлардан бирида тушлик қилаётган Ливан собиқ расмийларидан бири.

Собиқ расмий бу билан яқинда шаҳарда "Исломий Давлат" (бошида гуруҳ "Ироқ ва Шом исломий давлати" деб аталарди) гуруҳи ортида Қўшма Штатлар турибди ва Ҳиллари Клинтон буни "Мушкул танловлар" деб номланган китобида тан олди деган гап-сўзларни назарда тутади.

"Исломий Давлат" жангарилари ўтган ҳафта Ливанга яқинлашишган ва Сурия билан чегарада жойлашган Арсал қишлоғини ваҳимага солишганди. Юзлаб одамлар ўз уй-жойларини ташлаб чиқишди. Жангарилар ҳатти-ҳаракатларида АҚШ айбланди.

"Исломий Давлат"нинг Ливан Қуролли Кучларига қарши шафқатсиз амаллари интернет орқали тарқатилди.

Америка гуруҳнинг пайдо бўлиши ортида тургани ва уни руҳлантираётгани борасидаги назариялар ҳам ёйилди.

Ўз иддаоларини дастаклаш учун назариячилар кучли бир "далил"ни ҳам келтиришди: Ҳиллари Клинтоннинг, АҚШ президентлигига даъво қилиши кутилаётган собиқ давлат котибасининг сўзларини...

Миш-мишлар

Image copyright Getty
Image caption Ўз иддаоларини дастаклаш учун назариячилар Ҳиллари Клинтоннинг "Мушкул танловлар" деб номланган китобини далил қилиб келтиришади.

Қўшма Штатлар ўз манфаатларини кўзлаб минтақада беқарорлик яратиш мақсадида "Исломий Давлат" гуруҳини яратди деган даъволар билан китобдан олингани айтилган "парчалар" Ливан ижтимоий матбуотида кенг миқёсда тарқатилди.

Миш-мишлар ҳатто, АҚШнинг Ливандаги элчиси Дэвид Хейл Ливан Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилишига ҳам сабаб бўлди.

Бундан ташқари, ғийбатларни бостиришга уринган Қўшма Штатлар элчилиги Фейсбук орқали баёнот ҳам тарқатди:

"Қўшма Штатлар террорчи ташкилотдан ўзгаси бўлмаган "Ироқ ва Шом исломий давлати"ни тан олишни ўйлагани ва ё унинг тузилишида бирон бир роли бўлгани борасидаги фикрлар қип-қизил ёлғондир".

Бу каби назариялар ўртага чиқаётгани мутлақ ҳайратланарли эмас. Америка тарихида жангарилар ва партизанлар; Афғонистондаги мужоҳидларни қўллаб-қувватлагани дарров хаёлга келади.

Форс кўрфазидаги АҚШ иттифоқчилари "Исломий Давлат"ни дастаклаётгани бу масалада уларнинг қарашларига «хизмат» қилмайди.

"Бундай назарияларнинг мўллигига кўпда Вашингтоннинг тузум ўзгаришига хайрихоҳлик кўрсатгани сабабдир. Шу баҳонада исёнкор гуруҳларни қўллаб-қувватлаш, самарали бўлмаган. Аммо, албатта, бу янги тажриба эмас ва охиргиси ҳам бўлмайди", дейди Брюсселдан ташқи сиёсат ва Яқин Шарқ масалалари бўйича мутахассис Октавиус Пинкард.

Доғ тушган обрў

Бу каби миш-мишлар АҚШнинг Ливандаги манфаатларига зиён етказиш хавфи бор. Америка у ерда ўзининг “юмшоқ қудратини” тутиб туришдан манфаатдор. Рамзий қарама-қаршиликлар ва ҳокимият учун ёки Ливан халқини ўзига оғдириш учун бошқа бир гуруҳ - Ҳизбуллоҳ билан кураш янги ҳолат эмас.

Аммо, "Исломий Давлат" томонидан амалга оширилаётган шафқатсиз амаллар, бошни танасидан жудо қилишларга Американи масъул кўриш АҚШнинг обрўсига қаттиқ путур етказиши тайин.

Яқинда Байрут кўчаларида "Америка бизга ёрдам бер" эмас, "Ҳизбуллоҳ "Исломий Давлатни" Ливан пойтахтига келишига йўл қўйма" қабилидаги шиорлар янгради.

"Аксар одамлар Қўшма Штатлар ва Саудия Арабистони тили бир ва гап нефтнинг пулига келиб тақалганда, "Исломий Давлат" қулашидан охир-оқибат фойда кўрадиганлар саудияликлар ва америкаликлар бўлишади, деб ишонадилар. Тарих ишни бошловчилар одатда фойда кўрувчилар бўлишидан сабоқ берди", дейди байрутлик Амир Мурод.

"Ҳодисалар ривожидаги муҳим нуқта - Сурия ички урушлари Ливан ҳудудига ёйилмаслиги учун Ливан Армияси ва Ҳизбуллоҳ ҳамкорлик қилаётганидир", дейди Октавиус Пинкард

Сурия-Ливанда ихтилофлар ўсиб бораркан, Вашингтонга қарашлар ҳам эврилмоқда.

Ва кўринишидан, Ҳизбуллоҳ-Дамашқ-Теҳрон учлиги тарғибот курашида ғалаба қилаётган кўринади.

Аммо, Обама пайшанба куни Ироқдаги "Исломий Давлат"га қарши ҳаво ҳужумлари уюштирилиши ҳақида эълон қиларкан, Фейсбукда АҚШга нисбатан "муҳаббат" яна қайтгандай бўлди.

"Американинг аралашувидан ҳеч қачон бу қадар хурсанд бўлмаганман", деб ёзди ливанлик фойдаланувчилардан бири.

Американинг Ливандаги обрўси Ироқдаги бомбардимон асосида қайта тикланади, деб айтишга ҳали эрта, аммо айни пайтда АҚШ одатан ўзига хушқарашда бўлганлар орасида обрўси тушиб бораётганга ўхшайди...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ