Ироқ тоғларида қамалиб қолган язидийлар кимлар?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ироқ ва Шом Исломий Давлати гуруҳининг Ироқдаги ҳуружлари оқибатида азият чекаётган қурбонлар орасида 50 мингга яқин язидийлар ҳам бор.

Улар ИД/ИШИДчилардан қочиб, Ироқ шимоли-ғарбидаги тоғларда озиқ-овқат ва сувсиз қамалиб қолганлар.

Язидийлар тарихи бўйича мутахассис Диана Даркенинг изоҳлашича, язидийлар жамоасининг сони тахминан 70 мингдан 500 минггача дея кўрилади.

Дунёқарашларининг ўзгачалиги туфайли уларни аксар ҳолларда "иблисга сиғинувчилар" дея адашиб талқин қиладилар. Улар аксар ҳолларда кичик-кичик жамоа бўлиб, Ироқ шимоли-ғарбида, Сурия шимоли-ғарбида ва Туркия жануби-шарқидаги ҳудудларда яшайдилар.

Минтақадаги друз ва алавий мазҳаблари сингари, язидийликни ҳам қабул қилиш мумкин эмас, фақатгина ўша жамоада туғилганларгина язидий ҳисобланадилар.

Лондондаги Озчиликлар Ҳуқуқлари Гуруҳи раҳбари Марк Латимернинг айтишича, язидийларнинг диний қарашлари қатор бошқа динлар чатишмасидан келиб чиқади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Robert Leutheuser

"Язидийлар Ироқдаги кўплаб диний озчиликлардан атиги бири холос. Улар мазҳабларини ташқи дунёдан анчайин маҳфий тутишади. Мазҳабнинг келиб чиқиши ҳақида турли қарашлар бор. Баъзилар язидийликнинг илдизи қадимий форс зардуштийлигига бориб тақалади дейишса, язидийларнинг ўзлари анчайин ўзгача талқин беришади. Умумиятла айтсак, язидийлик қатор диний дунёқарашларнинг чатишмасидир. Лекин ўзига ҳос маданият ва диний ақидаги эгалар. Бир нарса аниқ, улар Ироқда ўнлаб йиллар мобайнида тазйиқларга учраб келганлар ва мана ҳозирда яна энг катта хавф остида бўлган диний гуруҳ бўлиб қолмоқдалар".

Язидийларнинг энг муқаддас қадамжолари Бағдоддан 430 км шимоли-ғарбда жойлашган Лалеш ибодатгоҳидир.

Марк Латимер язидийларнинг расм-русумлари ҳақида:

"Язидийларнинг диний маросимлари асосан Лалиш зиёратгоҳи атрофида кечади. Улар амалга оширадиган расм-русумлар жаҳондаги ҳеч бир бошқа динникига ўхшамайди. Маълумки уларнинг зиёратгоҳлари конуссимон шаклда бўлади. Лекин улар расм-русумларини маҳфий тутадилар. Бу ўринда улар Ливаннинг друз гуруҳига ўхшаб кетадилар. Уларнинг қарашлари шуки, ўз диний амалларини не қадар ташқи дунёга очсалар шу қадар кўп танқидга учрайдилар. Уларнинг хавфсирашларида жон бор. Чунки Ироқдаги бошқа мусулмон мазҳаблар уларни "иблисга сиғинувчилар" дея атайдилар. Бунга сабаб уларнинг муқаддас кўрувчи сиймоларидан бири оламдан ўтган парини тақдим қилувчи Малак Товусдир".

Мутахассиларга кўра, язидийларнинг Синжар тоғлари ёнбағридаги яшаш ерларида бошқа гуруҳлар томонидан тазйиққа тутилишлари ортида жамоа номининг нотўғри талқин қилиниши ётади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP GETTY

ИД дохил сунний ақидапарстларнинг ишонишларича, язидийлар жамоасининг номи 7 асрда яшаган Умайядлар сулоласининг иккинчи халифаси бўлган Язид ибн Муавия исмидан келиб чиқади.

Лекин замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, язидийларнинг номи ибн Муовия билан ҳам эмас, ёки Эрондаги Язд шаҳри билан ҳам боғлиқ эмас, балки форс тилидаги "изед", яъни пари сўзидан келиб чиққан.

Язидийларнинг ўзлари жамоа номини "динга сиғинувчилар" сифатида талқин қиладилар.

Улар ўзларини "даасин" деб ҳам аташади. Бу ном қадимий Шарқ Черкови номидан келиб чиқади. Язидийлар эътиқодларининг аксар асослари ҳам насроний динидан келиб чиққан.

Улар Қуръони Каримга ҳам, Инжилга ҳам эътиқод қиладилар. Лекин диний қарашларининг аксари оғзаки равишда авлоддан-авлодга ўтиб келади.

Улар эътиқодининг зардуштийликка боғлашларига сабаб эса зиёратгоҳ ва қадамжоларининг қуёш рамзи билан безатилишидир.

Лекин зиёртагоҳларида қуёш рамзи мавжуд ва қабрлари қуёш томон шарққа қараб тузалса ҳам, синчиковлик билан қараганда диний эътиқодларининг аксари насронийлик ва ислом чатишмасига ўхшайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Янги туғилган чақалоқларни руҳонийлар сув пуркаб чўқинтирадилар.

Никоҳ тўйларида ҳам руҳоний нон ушатиб, ярмини куёвга ва бошқа ярмини келинга беради. Қизил либос кийган келин насроний черковига боради.

Декабр ойида язидийлар уч кун "рўза" тутадилар. "Рўза"ларини уч кундан кейин шароб билан тугатишади.

Декабрнинг 15-20 кунлари Мосулдан шимолда жойлашган Лалешдаги Шайх Ади мақбарасига йиллик зиёратга борадилар ва шу ердаги дарёда "таҳорат" қиладилар.

Язидийлар русумлари орасида шунингдек суннат ва қурбонлик келтириш ҳам бор.

Уларнинг худолари номи Ясдан. Эътиқодларига кўра, Ясдан шу қадар "юқорида"ки унга тўғридан-тўғри ибодат қилиб бўлмайди.

Ясдан борлиқнинг яратувчисидир, лекин муҳофазакори эмас.

Ясдандан етти илоҳий унсур келади. Улардан бири илоҳий иродани бажо келтирувчи Малак Товус.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Товус қадимий насроний эътиқодига кўра, ахлоқсизлик рамзидир.

Лекин Малак Товус Яратгандан алоҳида илоҳий куч эмас. Шунинг учун язидийлик монотеистик динлар қаторига киритилади.

Малак Товус рамзи ибодатхона, мақбара ва қабртошларида бор.

Язидийлар Малак Товусга кунига беш маротба ибодат қиладилар. Унинг яна бир исми Шайтон.

Араб тилида шайтон иблис маъносини беради. Шунинг учун язидийларни "иблисга эътиқод қилувчилар" деб ҳам аташади.

Язидийларнинг ишонишларича, руҳ турли шаклдаги танага ўтиши мумкин.

Руҳнинг тозаланиши ана шу каби "қайта-қайта" туғилиш орқали имконлидир ва жаҳаннамни бартараф қилади.

Язидийлар учун энг олий жазо ўз жамоларидан бадарға қилинишидир. Чунки бу бадарға қилинганнинг руҳи қайта тиклана олмаслигини англатади.

Лекин бу каби ўзгачаликка қарамай, Марк Латимернинг айтишича, язидийлар асрлар мобайнида аксар аҳолиси мусулмонлар бўлган мамлакатларда нисбатан тотувликда яшаб келганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

"Улар мусулмонлар билан Ироқдаги бошқа диний озчиликлар каби асрлар мобайнида аҳил яшаб келганлар. Аслида Ироқ тарихининг аксар қисмида кўплаб гуруҳ ва мазҳаблар ёнма-ён тинч яшаб келганлар. Фақатгина зўравонлик ва тазйиқлар кучайган алоҳида даврларда уларга ҳам тазйиқлар кузатилган. Лекин язидийларга нисбатан камситувчи муносабат асрлар мобайнида мавжуд бўлиб келганлиги ҳам маълум. Язидийлар энг қашшоқ бўлган гуруҳлардан бири ҳам. Ироқдаги бошқа озчиликлар, масалан насронийлар анчайин таниқли ва обрўли вакилларга эга бўлсалар, язидийлардан бу каби ҳолатларни деярли учратмайсиз. Лекин ҳозиргидагидек каби ўта хавфли вазиятга улар 80 йиллар охирлари Саддам Ҳусайннинг мажбурий араблаштириш кампанияси давридан бери юз тутмаган эдилар. Улар мавқеининг сабабларидан бири улар курдлар ва араблар ўртасида баҳсли, стратегик жиҳатдан ўта муҳим кўрилган ҳудуларда яшашларидир. Уларни камситиш, "иблисга сиғинувчилар" дея талқин қилишлар ортида аслида улар яшайдиган ерларга даъво ётади".

Марк Латимернинг айтишича, язидийлар мовий рангдаги либос киймасликлари ва яшил рангдаги егуликни истеъмол қилмасликлари ҳақидаги гап-сўзлар исботланмаган.

Ҳозирда Туркия жануби-шарқидаги Сурия ва Ироқ ҳудудлари томон минтақаларда бир вақтлар бўшаб қолган қишлоқларда ҳаёт қайта тикланмоқда.

Шу вақтгача муҳожиротда яшаб келган язидийлар Туркия ҳукумати уларнинг ҳаётларига аралашмаётганлигини айтадилар.

Асрлар мобайнидаги камситишларга қарамай язидийлар ўз эътиқодларидан воз кечишмаган. Бу улар ўзликлари ва эътиқодларига ишончнинг қатъийлиги белгисидир.