Россия ёрдам карвони Украина томон олдинламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қарийб 300тача автомашинадан иборат кўмак карвони ўтган тун Воронеж шаҳрида тўхтаган

Украина шарқидаги қарама-қаршиликларга саҳна бўлаётган минтақаларга инсонпарварлик ёрдамларини олиб кетаётган Россия юк машиналари иккинчи кундирки йўлда давом этмоқда.

Қарийб 300та автомашинадан иборат кўмак карвони ўтган тун Воронеж шаҳрида тўхтаган ва Украина чегарасига бугун кечга томон етиб бориши кутилади.

Ёрдамлар қандай етказилиши ҳамон мавҳум қолмоқда. Бу Россиянинг Украина шарқида ўз ҳозирлигини сақлаб қолиш мақсадини кўзлаган ҳаракати бўлиши мумкин деган шубҳалар илгари сурилганди.

Бундан олдин Ғарб давлатлари Россияни инсонпарварлик ёрдами баҳонаси билан Украина шарқини босиб олмасликка чақиришган.

11 август куни Президент Владимир Путин Россия Оврўпода Халқаро Қизил Ҳоч ташкилоти билан ҳамкорликда инсонпарварлик ёрдамини бошлагани ҳақида эълон қилган.

Бироқ 12 август куни Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ушбу амалиётга бош қўшмаганини маълум қилган.

Украина Ички ишлар вазири ёрдам карвонини мамлакатга киришига йўл қўймаслигини айтган.

"Бизнинг ҳудудда безбет тажовузкорнинг иғвогарона ишига изн берилмайди", деб айтган Арсен Аваков ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Апрел ўрталарида Украина Донецк ва Луганск минтақаларига россияпараст исёнчиларга қарши қўшин жўнатганидан бери камида 1,500 инсон нобуд бўлган.

Жанглар туфайли 300, 000 инсон бошпанасиз қолган, уларнинг аксари Россияга қочиб ўтган.

Айни пайтда Россия Президенти Владимир Путин чоршанба куни Қримга келиши ва Хавфсизлик Кенгаши аъзолари билан учрашиши кутилади.

Россия Қримни ўтган март ойи ўз ҳудудига қўшиб олган ва бу амал Ғарбнинг Москвага қарши қатор жазо чораларига туртки берганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ