Эрон Президентининг кутилмаган твити

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Эрон Президенти ҳижобсиз риёзиётчи аёлнинг суратини Twitterda “твит”лаш билан кутилмаган ишни қилди. Унинг бу қарори ижтимоий матбуотда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Асли Эронлик Профессор Марям Мирзахоний яқинда математика соҳаси бўйича энг юқори халқаро мукофот билан тақдирланган.

Ва у Нобел мукофотига тенг кўриладиган Филдс медалини қўлга киритган илк аёл бўлганди.

Президент Руҳоний Twitter орқали янгиликдан хурсандчилигини баён қилган. У: "Филдс медални қўлга киритган илк аёл бўлгани, биз эронликларни жуда фахрлантиргани учун #MaryamMirzakhani га табриклар", деб ёзган.

Бунга қўшимча у ўз твитига олима аёлнинг икки фотосуратини ҳам илова қилган.

Биттаси суратда риёзиётчи олима ҳижобда, яъни Эрон қонунларига биноан аёллардан талаб қилинадиган қиёфада, бошқасида боши очиқ кўринади.

Бу акслар қарийб 3,000 марта қайта твит қилинган ва интернетда изоҳларнинг тўлиб-тошишига туртки берган.

Кўплар бу муносабатни иккиюзламалик сифатида танқид қилган.

"Биз Эрон аёлларини илм олиш ва у каби (Марям Мирзахоний назарда тутилмоқда - Би-би-си) муваффақият қозонишга бўлишга рағбарлантирасизми? Ёки, уларга ҳар доимгидек зулм қиласизми?" дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

"Эрон диаспораси Президент Руҳоний Мирзахонийнинг суратини қўллаганидан жуда хурсанд..." дейди бошқа бири. Ва икки йил олдин олийгоҳларда таълим олишни истаган аёлларга киритилган қатор чекловларни эслатиб ўтади.

Айни пайтда Руҳонийнинг муждаси яхшироқ шарт-шароиталар илинжида Эронни ташлаб кетган зиёли, олий маълумотли аёлларни ортга қайтаришга уриниш сифатида ҳам талқин қилинди.

"Бу Эрон ёшларини рағбарлантиради. Муҳожирлик ягона йўл деб ўйлашга изн бермайди", деб ёзади яна бир веб фойдаланувчиси.

Яқин йилларда ўн минглаб аёллар фаолиятларидаги юқорироқ чўққилар кўзлаб Оврўпо ва Шимолий Америка томон чиқиб кетишган.

Мирзахонийнинг ўзи Эронни университетда бакалавр даражасини битириб тарк этган ва ҳозир Қўшма Штатлар доимий яшовчиси ҳисобланади.

Бошқаларнинг сўзларига кўра, Президентнинг кутилмаган қадами юзасидан жуда озчилик ғазаб изҳор қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption "Эрон газетаси" (The Iran Newspaper) Мирзахонийнинг суратини чоп қилган ягона нашр бўлган

Шунга қарамай, миллий матбуот мамлакат раҳбарининг изига из қўя олмаган.

"Эрон газетаси" (The Iran Newspaper) Мирзахонийнинг суратини чоп қилган ягона нашр бўлган. Қолганлар мазкур янгиликдан усталик билан ўзини олиб қочишган.

Эрон матбуотида ўранмаган аёл суратини беришга ўта камдан-кам ҳолатларда журъат қилинади. Улар бу билан ҳижобни таҳқирлаш ва ё аксил-Исломий қадриятларни тарғиб қилиш каби айбловларга юз тутишдан қўрқишади.

Бундан олдин Ҳасан Руҳоний мамлакатдаги Исломий кийиниш тартибига юмшоқроқ ёндашишига ишора қилганди.

Ўтган йил июл ойида у "енгилроқ" кийинган аёлларга қарши амалиётга тўсқинлик қилганди.

Йил бошларида кўплаб Эрон аёллари Фейсбукда ҳижобсиз тушган суратларини чоп қилишганди.

Сизнинг фикрингиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-0

Бу мавзуда батафсилроқ