"Эрон энди туркман газига муҳтож эмас"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Isna
Image caption Эроннинг ўзи жаҳондаги аниқланган газ резервларининг энг йиригига эга

Эрон энди Туркманистон газига муҳтож эмас. Neftegaz.ru нашри хабар қилишича, Эрон нефть вазири Бижон Зангане ана шундай баёнот билан чиққан.

Жаноб Занганега кўра, келгуси янги йилда (21 март 2015 йилдан бошлаб) Эрон ўз ҳудудида газ чиқариб олиш кўламини бир кеча-кундузда 200 миллион кубометрга кенгайтиришни мўлжаллаяпти ва бу унга Туркманистон газ импортидан буткул воз кечишга имкон беради.

У, шунингдек, Эрон сиёсий ва иқтисодий алоқаларни тарғиб қилиш учунгина туркман газини олаётганини билдирди.

Туркман гази Эронда асосан хусусий сектордаги талабни қондиришга ишлатилади.

Туркманистондан Эронга газ экспортини 2007 йилда 14 миллиард кубометрга ошириш режаланганди.

2010 йилда эса туркман газини Эронга элтадиган иккинчи қувур ишга туширилди. Унда икки томон раҳбарлари Эрон йилигига 20 миллиард кубометр туркман газини харид қилиши ҳақида гапирдилар.

Бироқ, 2011 йилда Туркманистон Эронга атиги 6 миллиард кубометр газ етказиб бера олган. Шунга қарамай, ўтган йил декабрида Туркманистон ғарбида Эронга кўпроқ газ етказишга ихтисослашган янги газ компрессор станцияси ишга тушди.

Эрон Туркманистон газининг иккинчи энг йирик истеъмолчиси ҳисобланади. 2009 йил охирида янги қувур ишга тушиши билан Хитой туркман газининг энг йирик харидорига айланган.

2009 йилнинг апрелигача туркман газининг энг йирик истеъмолчиси бўлиб келган Россия ҳозирда учинчи ўринда.

Your contact details
Disclaimer