Ироқ инқирози: Бош Вазир Маликий истеъфо берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ироқ Бош Вазири Нури ал-Маликий истеъфога чиққан. Кузатувчилар унинг истеъфоси Бағдоддаги сиёсий инқирозга якун ясашига умид қилишмоқда.

Мамлакат президенти парламент воизининг муовини Ҳайдар ал-Абадидан янги ҳукумат тузишни сўраган.

Саккиз йилдирки ҳукуматни бошқариб келган жаноб Маликий аввалроқ истеъфога чиқишдан бош тортгани учун Ироқдаги сиёсий инқирозни янада чуқурлаштиришда айбланди.

Унинг ҳукумати Шимолий Ироқнинг йирик ҳудудларини босиб олишга муваффақ бўлган Исломий жангариларни тўхтата олмасликда айбланган.

Ўзини Исломий Давлат (собиқан Ироқ ва Шом Исломий Давлати) деб атаган сунний мусулмон жиҳодчи гуруҳи Ироқда хавфсизлик ва инсонпарварлик инқирози келиб чиқиши ва 1,2 миллион ироқликлар уйларини тарк этишига туртки берган.

"Абади ака"

Давлат телевидениеси орқали жаноб Абадий ва шиа мусулмон кўпчилигининг бошқа сиёсатчилари ёнма-ён чиқиш қилар экан, жаноб Маликий ўз истеъфосини эълон қилишдан аввал Исломий Давлатнинг жиддий "террорчи" таҳдиди ҳақида гапирди.

"Сиёсий жараён ва янги ҳукумат тузилиши силлиқ кечиши учун мен бугун Доктор Ҳайдар ал-Абади акани қўллаб-қувватлаб, ўз номзодлигимни бекор қиламан", - деди у.

Аввалроқ эса у парламентдаги энг йирик блокнинг лидери сифатида янги ҳукумат тузишга ҳақли эканини айтганди.

Унинг истеъфоси шиа кўпчилигининг манфаатларини кўзлашда айбланган саккиз йиллик ҳокимиятга чек қўйди.

Танқидчилар айнан жаноб Маликийнинг мазҳабий сиёсати бугунда юзага келган беқарорликни келтириб чиқарганига ишонадилар.

Жаноб Абади 2003 йилда қувғиндан Ироққа қайтганидан бери қатор юқори даражали лавозимларда ишлаган.

У ҳам жаноб Маликийнинг Дава партияси аъзоси, аммо Маликийдан фарқли ўлароқ, бошқа тарафлар билан муросага кириб ишлаш истагини намойиш қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer