'Дунёнинг тинчи йўқолиб бормоқда', Ўзбекистондаги вазият қандай?

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Бу каби хулосага Иқтисодиёт ва Тинчлик институти келган.

Уларнинг сўнгги тадқиқотлари натижасидан аён бўлишича, бугун дунёнинг бор-йўғи 11 давлатигина тинч экан.

Ташкилот эса, ўз изланишлари доирасида жаҳоннинг 162 мамлакатидаги вазиятни ўрганган.

Уларнинг тадқиқотлари, бундан ташқари, 2007 йилдан бошлаб, дунёнинг тинчи йўқолиб бораётганига ҳам далолат қилган.

Иқтисодиёт ва Тинчлик институти раҳбари Камилла Шиппа бунинг сабабини глобал молиявий инқироз ва Араб Баҳори билан изоҳлаган.

Шиппа хоним бу ҳақда Британияда чоп этилувчи "The Independent" нашрига берган суҳбатида билдирган.

Унга кўра, бу икки йирик молиявий ва геосиёсий шок дунё давлатларини можаролар гирдоби қаршисида қолдирган.

"Ўтган йили биз дунё бўйлаб террорчилик фаолиятининг кучайганига гувоҳ бўлдик. Ғазода вазият қайта оловланди, Сурия ва Ироқ инқирозига ҳануз ечим топилгани йўқ".

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

"Яқин Шарқдан ташқарида эса, Украинадаги халқ исёни қуролли низоларга айланиб кетди. Жанубий Судан ва Конго Демократик Республикасида зўравонликлар кучайиб бормоқда".

"Дунё бўйлаб кузатилаётган бу каби ҳолат эса, вазиятнинг тез орада ўнгланмаслигига далолат қилади", - дейди у.

Худди шу ўринда янги тадқиқот одамларнинг осойишта бир давлатда ҳаёт кечириш имконлари ҳаминқадар эканига далолат қилади.

Яъни, дунёнинг икки юзга яқин давлати орасидан нисбатан ҳар қандай можаролардан холи, деб топилганлари фақат Швейцария, Япония, Қатар, Мавритания, Уругвай, Чили, Ботсвана, Коста Рика, Вьетнам, Панама ва Бразилия бўлиб чиқишган.

Аммо, янги тадқиқот хулосаларига таянилса, ҳатто ана шу 11 давлат ҳам ички низолар хавфидан буткул фориғ эмас эканлар.

Мисол учун, Бразилия ва Коста Рикада одамлар учун қурол-яроғ муаммо эмас, шу боис ҳам намойишлар тезда зўравон тус олиб кетиши мумкин, дейишади муаллифлар.

Тадқиқотчиларга кўра, Швейцария ҳар жиҳатдан ором бўлса-да, четга кўп сонда қурол сотиш билан ўзини хавф остига қўйган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Лекин, шунда ҳам, дейлик Буюк Британия бу давлатларнинг яқинига ҳам йўлай олмаган.

Тадқиқотчиларга кўра, бунга қиролликнинг Афғонистон можаросидаги иштироки ва анчайин ҳарбийлашгани сабаб бўлган.

Афғонистоннинг ўзи эса, бу йил ҳам дунёдаги энг нотинч икки давлатдан бири бўлиб чиққан.

Чорак асрдан буён тинчлик нима эканини билмай келаётган мамлакат янги тадқиқотда 162 давлат орасидан 161-ўринни эгаллаган.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистон ўтган йили халқаро институт томонидан жаҳондаги вазияти энг хароб мамлакат, деб топилганди.

Сўнгги ойларда исломий жиҳодчилик муаммосига рўбарў келиб турган Ироқ эса, Афғонистондан бор-йўғи 3 поғона юқори экан, холос.

Аммо, қарийб бир йилдан буён тинчини йўқотган бўлса-да, Украина(145) Россия(152)дан кўра яхшироқ мавқеъда экан.

Ўтган уч йилдан буён қуролли низолар гирдобида бўлган Сурия эса, дунёнинг энг нотинч давлати бўлиб чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қанчалик осойишта эканлик бобида Марказий Осиё давлатлари орасидан Туркманистон(95) энг яхши натижани қайд этган.

Рўйхатда анчайин қуйи ўринларни эгаллаган Қозоғистон(103) ва Ўзбекистон(104)даги вазият бир-биридан деярли фарқ қилмаслиги аён бўлган.

Аммо бу йилги рўйхатда Ўзбекистон 20 поғона юқорилаб, бироз бўлса-да, ўз мавқеини яхшилаб олган.

Сўнгги халқаро тадқиқот минтақа давлатлари орасидан Қирғизистон(125) ва Тожикистон(126)нинг энг нотинч эканига далолат қилган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Иқтисодиёт ва Тинчлик институтининг тадқиқоти фақат ўтган йилги вазиятни кўзда тутади.

Бу эса, халқаро можаролар кўламининг жорий йилда янада кенгайиб, дунёдаги аҳволнинг бундан-да ёмонлашганига далолат қилади.

Халқаро институт дунёнинг тинчлигини уч мезон: жамиятнинг қанчалик хавфсиз экани, ичкию ташқи можароларнинг кўлами ва мамлакатларнинг нечоғлиқ ҳарбийлашганига қараб белгилайди.

Давлатлардаги вазиятни эса, 22 категория бўйича баҳолаб, шу асосда ўз рўйхатини тузади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ