Ироқ: Ўнлаб язидийлар 'қириб ташланди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хабарларга кўра, Исломий Давлат гуруҳи жангарилари камида 80 нафар язидийни ўлдиришган. Хотин-қиз ва болаларни олиб қочишган.

Ҳодиса кеча жума куни тушдан сўнг Синжар шаҳридан 45 чақирим узоқликдаги Кочо қишлоғида юз берган.

Шоҳидларнинг сўзларидан аён бўлишича, жангарилар уларга Ислом динини қабул қилиш ёки ўлимга юз тутишларини айтишган.

Исломий Давлат гуруҳининг сунний мусулмони бўлмаган ироқликларга қарши бу қадар шафқатсизлиги халқаро ҳамжамиятни ҳам кучли ларзага солган.

Энг сўнгги хабарларга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши гуруҳнинг айрим аъзоларига қарши санкциялар жорий этган.

АҚШ ҳарбийлари эса, кеча тонгда Синжай яқинида учувчисиз учоқлари ёрдамида жангариларнинг иккита зирхли машинасини вайрон этишган.

Сўнгги қотилликлар ҳақида дастлаб Вашингтондаги язидий фаоллари хабар беришган.

Бунинг ортидан, Ироқдаги курд мулозимлари ҳам юз берган машъум фожеа рост эканини билдиришган.

Ўзи ҳам язидий бўлган Ироқ парламенти вакили Маҳама Халилнинг айтишича, жангарилар шунча одамни бир соатнинг ичида қириб ташлашган.

Воқеа тафсилотлари қўшни қишлоқлик бир ироқликнинг сўзларидан маълум бўлган.

Унинг айтишича, Кочода нималар қилишганини Исломий Давлат гуруҳи жангариларидан бири ўзига айтиб берган.

Аён бўлишича, гуруҳ Ислом динини қабул қилишлари учун қишлоқ аҳолисига беш кун муҳлат берган.

"Кейин эса, эркакларни бир жойга йиғиб, отиб ташлашган. Хотин-қиз ва болаларни эса, афтидан, ўзлари жойлашиб олишган Тал Афар шаҳарчасига олиб кетишган", - дейди у.

Унинг сўзларини АҚШдаги язидий фаоллардан Ҳали Пир ҳам тасдиқлаган.

Рақамларга таянилса...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Исломий Давлат гуруҳининг зўравонликлари сабаб, шу пайтгача бир миллиондан ортиқ ироқлик дарбадарликка юз тутган.

Бутунбошли язидий ва насроний жамоалари маҳаллий шиа мусулмонлари билан бирга Ироқ шимолига қочишган.

Гуруҳнинг уларга қарши таъқиблари сабаб, можарога АҚШ ҳарбийлари ҳам аралашишга қарор қилишган.

Улар жангариларга қарши ҳаво ҳужумлари уюштириш баробарида қочқинларга кўмак беришга ҳам ҳаракат қилишмоқда.

Ҳозирга келиб, айрим сунний мусулмон сиёсатчилар ҳам жангариларга қарши курашда Ироқ янги Бош вазири билан ҳамкорлик қилишлари мумкинлигини айтишмоқда.

Шиалар бошчилигидаги Ироқ ҳукумати эса, ойларки, исломий жиҳодчиларни маҳв эта олгани йўқ.

Гуруҳ бу орада Ироқ шимолидаги Сурияга қадар ястанган ҳудудда ўз давлатларини эълон қилиб, Мосулни пойтахт қилиб олишган.

Жазо чоралари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши эса, Нью-Йоркда йиғилиб, Исломий Давлат ва Суриядаги "Ал-Нусра Жабҳаси" гуруҳига алоқадор кўрилган олти шахсни жазолашга қарор қилган.

Кенгаш уларнинг четга саёҳат қилишларини чеклаган, банк ҳисобларини музлатган ва қурол-яроғ сотиб олишларига ҳам эмбарго қўйган.

Йиғин тафсилотларидан аён бўлишича, бу икки гуруҳ дастакловчиларига ҳам қарши жазо чоралари қўлланиши мумкин.

Кеча жума куни Оврўпо Иттифоқининг Брюсселда бўлиб ўтган фавқулодда йиғинида ҳам Ироқ масаласи муҳокама этилган.

28 иштирокчи давлатга Ироқ шимолидаги курдларни қуроллантириш борасида бир тўхтамга келишлари айтилган.

Ироқ шимолидаги курдлар Исломий Давлат гуруҳининг асосий мухолифлари саналишади.

Буюк Британия аллақачон бу ишга ҳозирлигини билдирган.

Чех ҳукумати эса, шу ой охирларида Ироқ шимолига қурол-яроғ юборишга имконли бўлишларини айтган.

Бунга қонунан ҳақли бўлмаган Олмония эса, курдларга ўзлари ҳақли бўлган доирада кўмак беришларини баён қилган.

Олмония Ташқи ишлар вазири тез орада Ироқ шимолига шахсан ўзи сафар қилажагини ҳам маълум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ