Қодиров: "Телефонимни йўқотганим йўқ"

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption "Телефоним ўзимда..."

Чеченистон президенти Рамзан Қодировга кўра, унинг телефонлари “йўқоламан” деб тургани йўқ.

Аввалроқ, матбуотда Чеченистон раҳбарининг телефони йўқолиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Жумладан, "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази ўтган шанба куни "Шира-Юрт" деб номланган архитектура-этнография музейининг очилишида Қодировнинг телефони йўқолгани, бу ҳақда овоз кучайтиргич орқали меҳмонларга эълон қилингани борасида ёзганди.

“Мемориал”га кўра, полиция ва маҳаллий маъмурият вакиллари тадбирда қатнашган мингдан ортиқ фаолларни чақиртириб сўроққа тутган.

Улар орасида вояга етмаган болалар ҳам бўлгани айтилади.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, асосан тунда кечган бу сўроқлар тонгга қадар давом этган.

Орадан кўп ўтмай Чеченистон раҳбарининг матбуот котиби Алви Каримов телефон йўқолгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Рамзан Қодировнинг ўзи ҳам Instagram даги саҳифасида ғазабга тўла раддия қолдирган.

"Қанча одам сўроққа тутилганини билмайман»

Қодиров ўз телефони йўқолгани ҳақидаги хабарни «қип-қизил ёлғон» деб таърифлаган.

Аммо у тадбир давомида ростдан ҳам бошқа бир телефон йўқолгани, унинг эгаси эса «Нийсархой» рақс гуруҳининг раҳбари Хеде Цакаева эканини маълум қилган.

Унинг айтишича, Шалинский тумани ички ишлар бўлими ходимларининг тезкор ҳаракатлари туфайли бу телефон топилиб, эгасига топширилган.

"Улар қанча одамни сўроқ қилишгани менга қоронғу, аммо агар минг киши ва ҳатто ўн минг киши бўлса ҳам бу бир нарсани англатади -улар ишлашмоқда ва бунақа кичик нарсаларни ҳам беэътибор қолдиришмаяпти», деб ёзади Чеченистон раҳбари ўзининг Instagram саҳифасида.

"Менинг иккала телефоним ҳам ёнимда, алоқа хизмати яхши ва йўқолиш ниятида эмас», деб урғулайди Қодиров.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ