Қоҳира музокаралари Ғазодаги оташкесимни бир кунга узайтирди

  • 19 Август 2014
Image copyright Reuters

Бу ҳақда душанба куни тунда Миср ҳукумати билдирди.

Янги оташкесим муддати Тошкент вақти билан сешанба кеч тун 01:00 да поёнига етади.

Аммо, томонларга кўра, ана шу бир кун ҳам узоқ муддатли муросага эришиш учун муҳим.

Фаластинлик мулозимнинг айтишича, Қоҳирадаги давомий музокаралар деярли жойидан силжимаган.

Аммо, унга кўра, музокарачилар ўзаро тил топишишмаса, бўлгада зўравонликларнинг адоғи кўринмайди.

Фаластинлик мулозим бу ҳақдаги фикрларини Британиянинг етакчи "Рейтер" ахборот агентлигига билдирган.

Исроилнинг Ҳамас гуруҳи назорати остидаги Ғазо бўлгасига ишғоли 8 июл куни бошланганди.

Агар, расмий рақамларга таянилса, орада кечган вақт давомида 2.016 нафар фаластинлик ўлдирилган.

Исроил томони эса, жаъми 66 ҳарбийси ва фуқаросини бой берган.

Миср ҳукуматининг айтишича, ҳар икки томон ҳам сўнгги келишувга амал қилишларини айтишган.

Бундан аввалги оташкесим бўлгада ўтган чоршанба куни кучга кирганди.

Исроил Бош вазири эса, агар Ҳамас ракета ҳужумларини қайта бошласа, оташкесимга риоя этиб ўтирмасликлари билан огоҳлантирганди.

Беньямин Нетаньяху ҳарбийлари "ҳар қандай ҳолатга тайёр" экани ва "исталган ҳужумга ўша оннинг ўзида жавоб қайтаришлари"ни баён қилганди.

Қисқача тафсилот ўрнида

Image copyright AFP

Музокарачилар гуруҳи якшанба куни билвосита музокаралар ортидан, яна Миср пойтахти Қоҳирага қайтишганди.

Фаластинлик музокарачи Қайс Абдул Каримнинг айтишича, Исроил Ҳамас дохил Ғазодаги барча гуруҳларнинг қуролсизлантирилишини истайди.

Фаластин томони эса, Исроил ва Миср бирор бир шартларсиз Ғазо қамалини бекор қилсин, дейди.

Худди шу ўринда Ҳамас Исроил томонининг талабига буткул қарши.

Исроил ҳам Ғазодаги айрим ўтиш нуқталарини ўз назорати остида сақлаб қолиш аҳдида қатъий.

Уларга кўра, бусиз қурол-яроғлар ноқонуний контрабандасининг олдини олиб бўлмайди.

Исроил яна назоратни бўш қўйсам, бўлгага қурилиш маҳсулотларини ҳам олиб киришади, Ҳамас эса, улардан янги ерости йўллари қуради, деган хавотирда.

Бироқ Бирлашган Миллатларнинг Яқин Шарқдаги вакили кеча душанба куни бу жараённи ўзлари назорат этишга тайёр эканини айтиб чиқди.

Роберт Серрига кўра, шунча вайронагарчиликлар ортидан, қурилиш маҳсулотлари Ғазо учун сув ва ҳаводек зарур.

Агар, халқаро ташкилот вакили келтирилган рақамларга таянилса, қуролли низолар давомида бўлгада 16.800 та уй-жой вайрон бўлган.

Бунча вайронагарчиликдан эса, 100.000 га яқин фаластинлик жабр кўрган.

Устига устак, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаластинлик қочқинлар учун барпо этган 100 дан ортиқ иншоотларига ҳам жиддий зиён етган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ