Исломни қабул қилган яҳудийнинг тўйи намойишга сабаб бўлди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сўз исроиллик мусулмон арабга турмушга чиқиш учун яҳудийликдан воз кечиб, Ислом динини қабул қилган 23 ёшли Морел Молка ҳақида кетаяпти.

Хабарларга кўра, тўй куни полиция, ҳатто, тўрт нафар ўта мутаассиб яҳудийни қўлга олишга мажбур бўлган.

Маҳмуд Мансур ва Морел Молкаларнинг никоҳига юзлаб исроилликлар қаршилик кўрсатишган.

Икковлоннинг бахт кечаси ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида бўлиб ўтган.

Шунга қарамай, ўтган якшанба куни Ришондаги тўйхона атрофига юзлаб намойишчилар тўпланишган.

Улар Исроил байроқларини кўтариб олиб, роса-бақир қилишган.

Намойишчилардан айримлари, "Исроил - фақат яҳудийлар давлати" эканини айтишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Куёв тўйимиз тинч ўтсин, деб, ҳатто, маҳкамага ҳам мурожаат қилган.

Аммо, хабарларга кўра, маҳкаманинг буйруғи ҳам норози исроилликларга писанд бўлмаган.

Уларни ўз президентларининг сўзлари ҳам ортга қайтара олмаган.

Президент Реувен Ривлин демократик давлат тамойилларига зид эканини айтиб, намойишчиларни икковлоннинг никоҳларига қаршилик кўрсатмасликка чақирганди.

Мусулмон араб ва яҳудийларнинг қоришиқ никоҳларига қарши бўлган ўта мутаассиб "Леҳава"("Оташ") гуруҳи тўйхона қаршисида намойиш уюштириш учун рухсатнома ҳам олишга муваффақ бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Исроилдан олинган хабарларга кўра, полициянинг йўл-йўриқларига қулоқ тутмагани учун тўрт нафар намойишчи ҳибсга олинган.

Аммо келин-куёвни қўллаб, сўл-қанотчилар ҳам уларнинг зиддига ўз намойишларини уюштиришган.

Икки намойишчилар орасида тўқнашув юз бермаслиги учун, ҳатто, юзлаб полиция ходимлари сафарбар этилишган.

Шунча машмашаларга қарамай, тўй базми 500 нафар меҳмон иштирокида бўлиб ўтган.

26 ёшли куёв эса, никоҳ тўйи арафасида "Ростмана уйғунликда яшашлари ва одамларнинг гап-сўзлари ўзларини заррача қизиқтирмаслиги"ни айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ