Москвада 4 та McDonald's ёпилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россия истеъмолчилар назорат қўмитаси "Роспотребнадзор" Москвадаги тўртта McDonald's емакхонасида ўтказилган текширувлар натижасида вақтинча ёпилишини маълум қилди.

"Роспотребнадзор"нинг айтишича, ушбу емакхоналарда қатор санитария қоидалари бузилган.

McDonald's раҳбарияти бу борадаги шикоятларни кўриб чиқаётганини айтган.

"Роспотребнадзор" шунингдек, Урал шаҳрида McDonald's емакхоналарида ҳам текширувлар ўтказилишини маълум қилган.

McDonald's ширкатига тегишли емакхоналарнинг ёпилиши ва режаланмаган текширувларнинг ўтказилиши Ғарб билан Россия ўртасида Украинадаги воқеалар туфайли юзага келган танглик манзарасида юз бермоқда.

Авваллари ҳам дипломатик танглик рўй берган вақти "Роспотребнадзор" турли мамлакатлардан маҳсулотларни тақиқлаган ҳоллар бўлган.

Масалан, Гуржистон шароби, Украинадан пишлоқ ва Полшадан олмалар каби...

Шу ой бошларида Россия Оврўпо Иттифоқи, АҚШ ва баъзи Оврўпо давлатларидан озиқ-овқат маҳсулотлари импортини бутунлай тақиқлаганди.

Июл ойида "Роспотребнадзор" McDonald's таомлари рўйхатидан баъзи маҳсулотларни олиб ташлашни талаб қилган экан.

McDonald's нинг билдиришича, Москвадаги емакхоналари вақтинча ёпилган ва уларни иложи борича тезроқ қайта очиш йўлида ҳамма чоралар кўрилмоқда.

Financial Times рўзномасининг Москвадаги идораси собиқ раҳбари Квентин Пиилнинг айтишича, емакхоналарни ёпиш ва текширувлар ўтказиш мутлақо "тарғибот" амалидир.

Унга кўра, Москвада бундан 24 йил аввал очилган McDonald's лар Ғарб капитализми рамзи сифатида кўрилганди.

"Ҳозирда бутун Россия бўйлаб 300 га яқин McDonald's емакхоналари бор. Уларни картошка ва гўшт каби маҳсулотлар билан таъминловчи улкан тизим ҳам вужудга келган.

Шунинг учун жорий тақиқ Россия ичкарисидаги кўплаб шахсларга ҳам таъсир кўрсатади",- дейди Financial Times муҳаррири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ