Ироқ: Суннийлар масжидига ҳалокатли ҳужум

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Ироқда суннийлар озчиликни ташкил этади

Ироқ шимоли-шарқида суннийлар масжидига содир этилган ҳужум натижасида етмишга яқин инсон ҳалок бўлган.

Даяла вилоятида жойлашган қишлоққа қуролли шахслар бостириб кириб, жума намозига йиғилганларга қарата ўт оча бошлаганлар.

Сунний раҳбарлар ҳодиса учун шия жангариларини айблаганлар.

Ҳодиса Даяла вилоятининг пойтахт Бағдоддан тахминан бир соат узоқликда жойлашган ва асосан суннийлар яшовчи қишлоғида юз берган.

Кузатувчиларга кўра, суннийлар масжидига ҳужум маҳаллий қўмондонга қуролли ҳамлага жавоб амали бўлиши мумкин.

Хабарларга кўра, дастлаб бир худкуш ҳужумчи ўзини масжид ичкарисида портлатиб юборган, ортидан эса қуролли шахслар намозга жам бўлганларга қарата ўқ уза бошлаганлар.

Сунний исёнчиларга харихоҳ бўлган телевизион станциялар масжидга ҳужум оқибатларини намойиш эта бошлаганлар.

Видеотасвирларда даҳшатдан қичқираётган инсонлар ва ярадорлар намойиш қилинган.

Уларда шунингдек масжид ичкарисидан ўқ овозлари эшитилиб туради.

Суннийлар ва шиалар истиқомат қилувчи ушбу минтақа сўнгги пайтларда мазҳабий тўқнашувларга саҳна бўлмоқда.

Ироқлик шиаларнинг ишонишича, масжидга ҳужум мазҳааблараро урушни ўт олдириш мақсадида Исломий Давлат жангарилари томонидан атайлабдан уюштирилган бўлиши мумкин.

Бироқ, бу даъволарни рад қилган суннийлар оз сонли шиа қуроллилари ўлимига сабаб бўлган бомба ҳужуми учун қасос амали эканини айтишади.

Масжидга ҳужум ортидан Ироқ парламентидаги суннийларнинг икки нуфузли блоки янги ҳукуматни ташкил қилиш бўйича музокараларда иштирок этишдан бош тортган.

Ироқнинг янги бош вазири Ҳайдер ал-Абадий Исломий Давлат гуруҳига қарши курашда суннийлар ва курдлар дастагини олишга умид қилмоқда.

Суннийлар янги ҳукуматда ўзларига лойиқ қудрат соҳиби бўлишни исташади.

Ғарб давлатлари ҳам Исломий Давлатнинг кучланишини бартараф этиш учун Ироқда шиалар, суннийлар ва курдлардан иборат янги ҳукумат барпо этилишини исташади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ