Ироқ можароси: БМТ "қатлиом"ни бартараф этишга чақирди

  • 23 Август 2014
Image copyright AFP
Image caption Амерли шаҳари икки ойдан буён Исломий Давлат муҳосирасида

БМТ Ироқ шимолидаги Амерли шаҳрида ўзи айтмоқчи "эҳтимолий қатлиом"ни бартараф этиш учун амалий қадамлар ташлашга чақирган.

БМТ махсус вакили Николай Младенов Амерли шаҳри аҳолиси дуч келаётган муаммолар ҳақидаги хабарлардан "жиддий хавотирга" тушганини айтган.

Икки ойдан буён Исломий Давлат қамалида бўлган бу шаҳарда на электр ва на ичимлик суви бор, озиқ-овқат ва тиббий дори-дармонлар ҳам тугаб бормоқда.

Шаҳар яшовчиларининг аксарини шиа мазҳабидаги туркманлар ташкил этади.

"Амерли аҳолиси вазияти ўта абгор ҳолатда. Уларни қирғиндан сақлаб қолиш учун зудлик билан амалий қадамларни ташлаш керак," - деб айтган жаноб Младенов .

- "Мен Ироқ ҳукуматини муҳосирани тугатиш учун қўлидан келгани ишни қилишга ва аҳолига инсонпарварлик ёрдами берилишини таъминлашга чақираман."

Жума куни Ироқдаги энг нуфузли шиа уламоси, Оятуллоҳ Али Сиистоний шаҳар аҳолиси аҳволидан ташвиш изҳор этганди.

Амерли яшовчилари жангариларга якка ўзлари қаршилик қилишаётганлари ва қамал бошланганидан буён ҳеч қандай халқаро ёрдам уларга етиб бормаганини айтишади.

8 августдан буён Қўшма Штатлар Исломий Давлат мавзеларини бомбаламоқда.

Пайшанба куни АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгл гуруҳни Қўшма Штатларга "энг йирик таҳдид", дея баҳолаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ