Ироқдаги янги зўравонликлар сиёсий инқирозни янада чуқурлаштирган

  • 24 Август 2014
Image copyright EPA

Ироқдаги суннийлар масжидига ҳужум ортидан шиалар нишонга олинган қатор портлашлар юз берган.

Якшанба кунги ҳужумлар камида 35 инсон умрига зомин бўлган.

Янги мазҳаблараро таранглик Ироқ янги бош вазири Ҳайдар ал-Абадийнинг шиалар, суннийлар ва курдлар тамсил этилган ҳукумат барпо этиш ҳаракатларини янада мушкуллаштирган.

Ироқ расмийлари хабарларига кўра, Ироқ Курдистонининг Эрбил шаҳрида бомба портлаган.

Маҳаллий телевидение портлаш туфайли аланга олган автомобилларни сув сепаётган ўт ўчирувчиларни намойиш этган.

Қиркук шаҳрида бир вақтнинг ўзида рўй берган уч портлаш оқибатида 18 киши ҳалок бўлган.

Пойтахт Бағдодда худкуш ҳужумчи автомобили билан жосуслик идорасини нишонга олган.

Оқибатда, тиббий манбаларга кўра, камида саккиз инсон ҳалок бўлган.

Тикрит шаҳри яқинида ҳам худкуш ҳужумчи аскарлар ва шиа жангчилари турган жойда автомобилини портлатгани туфайли тўққиз киши ҳалок бўлган.

Бу ҳужумларнинг барчаси бир кун олдинги Дияла вилоятидаги суннийлар масжидига ҳужумга жавоб деб кўрилган.

Дияла вилоятидаги қишлоқ масжидида йиғилган намозхонларни номаълум қуроллилар автомат қуроллардан ўққа тутиши оқибатида 68 киши ҳалок бўлган.

Ушбу ҳужум ортидан Ироқнинг икки нуфузли сиёсатчиси Бош вазир Ҳайдар ал-Абадий етакчилигида олиб борилаётган янги ҳукуматни шакллантириш мақсадидаги музокаралардаги иштирокларини тўхтатишлари ҳақида эълон қилганлар.

Ироқ парламенти спикери Салим ал-Жибурий ва Бош вазир ўринбосари Солиҳ Мутлақ Дияла масжидидаги қотиллик тергови натижалари эълон қилинмагунча янги ҳукуматни барпо этиш музокараларида қатнашмасликка қарор қилганлар.

Парламент спикери, мўътадил сунний сиёсатчи Салим ал-Жибурий сунний Исломий давлат жангариларини ҳам, Эрон ҳарбий тайёргарликдан ўтказаётган шиа жангчиларини ҳам қоралаган.

Кузатувчиларга кўра, ҳозирги Ироқдаги мазҳаблараро низолар бундай таранглик авжига чиққан 2006 йилги вазиятга ўхшаб кетади.

Айни пайтда Ироқ ҳукумат кучлари йирик Байжи нефт ишлаб чиқариш корхонасига исёнчилар уюштирган ҳужумни қайтаришга муваффақ бўлганлари, бир неча жангарини ўлдирганлари ҳақида хабар тарқатган.

Бу мавзуда батафсилроқ