Сандхёрст шайхлари ва ё нега Яқин Шарқ ҳукмдорлари Британияда таҳсил кўришади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Хорижлик ҳарбий зобитлар, айниқса, Яқин Шарқдаги қироллар сулоласи ҳарбий бошқарувни Буюк Британиядаги Сандхёрст зобит тайёрлаш академиясида ўрганишган. Нима учун? Ҳали ҳам бу мақбул ғоями? Би-би-си мухбири Маттю Теллер мавзуни ўрганган

1812 йилдан бери Сандхёрстдаги Қироллик ҳарбий академияси Британия Армияси учун зобитлар тайёрлайди.

44 ҳафталик машаққатли машғулотлар курсант зобитларнинг жисмоний ва ақлий малакаларини ошириш, ҳамда уларга Британия Армияси қадриятларини сингдиришга қаратилган.

У ерда Британ зобитлари бир сафда хорижлик курсантлар ҳам таълим олишади. Яқин Шарқ элитасининг кўпчилиги ўз ўғил-қизларини Сандхёрстга жўнатишади. Улардан, айниқса, кўзга кўрингани - Иордания қироли ал Ҳусайн оиласи.

Ҳозир қудратда бўлган 4 араб монархи - Иордания қироли Абдуллоҳ, Баҳрайн қироли Ҳамад, Қатар амири Шайх Тамим, Оман Султони Қабуслар ҳам Сандхёрст ва унинг қошидаги қатор билим даргоҳларини тугатишган. Ўтмишда ҳукмронлик қилган Қувайт амири Шайх Саад ва Қатар амири Шайх Ҳамадлар ҳам шу ерда таҳсил олишган.

Сандхёрстнинг Форс кўрфази билан алоқалари Британиянинг мустамлакачилик давридан бери давом этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Баҳрайн қироли Ҳамад, Иордания қироли Абдуллоҳ ҳамда Оман Султони Қабус

"Британияликлар ўз қудратларини томошалар билан мустаҳкамлашга жуда устаси фаранг бўлишган", дейди Дубай ва Абу Даби ҳукумдорлари ташқи сиёсат стратегияси бўйича собиқ маслаҳатчиси Ҳабиба Ҳамид.

"Юзаки дабдаба, маросим, ҳарбий қудратни намойиш қилиш, ҳайратлантириш ва ғурур туйғусини туйдириш - бу усулларнинг барчасини Британия ҳарбий раҳбарияти ишлаб чиқишган".

Қатардаги Қироллик бирлашган хизматлари институти директори ўринбосари Майкл Стивенсга кўра, Сандхёрст бўлажак ҳукмдорлар бир-бирлари билан яхши танишадиган жойдир. Ва бу ер Форс кўрфазига Британия таъсирини ушлаб келади.

"Буюк Британия Форс қўрфази сиёсий элитасининг эътиборида бўлиб туради. Мамлакатимизнинг ҳажмига тенг, масалан, Франция ва бошқалар бундай эътибордан маҳрумлар. Бу бизга "кичкина деманг бизни..." деб айтиш имкониятини беради".

"Британияда яшаб келган одамларингиз бор, уларнинг ... дўстлари ва устозлари билан алоқалари мавжуд. Форс кўрфази муҳитида таниш-билишчилик жуда фойдали", дейди Майкл Стивенс

"Дунёни кезаётган британияликлар, худди мен каби аскарлар ўз сафарлари чоғи Сандхёрстда бўлганларни топиб олишади ва бирданига иноқлашиб кетишади. Менимча, бу фойдали, мисол учун, ҳарбий савдо-содиқ соҳасида", дейди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 2006 йил Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум ҳарбий кийимдаги ўғли билан Сандхёрстда

"Форс кўрфази монархлари муҳим молия манбасига айланишган", дейди Британия Қироллик Ташқи Алоқалар институти - Чатам Хоузнинг Яқин Шарқ-Шимолий Африка дастури раҳбари ўринбосари Жейн Киннинмонт.

"Лондондаги энг баланд бино қатарликлар тарафидан молияланган, Британия инфратузилмаси ва нефт майдонларини ривожлантиришга Бирлашган Араб Амирлиги пул ажратади. Бунга истак бор, савдо важлари боис уларни ёнимизда ушлашга жуда кучли хоҳиш мавжуд".

"Британиянинг Форс кўрфази бўйича сиёсати аввало "тижорий", дейди Хьюстондаги Жеймс Бейкер институтидан Кристиан Коатс. "Инсон ҳуқуқлари ва ислоҳотлар борасидаги хавотирлар иккинчи даражали".

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 2013 йилгача Қатар амири бўлган Ҳамад бин Халифа, 2004 йил Сандхёрстдаги аскарларни кўздан кечирмоқда

2012 йил Сандхёрст янги ётоқхоналар мажмуи учун Бирлашган Араб Амирлигидан 15 миллион фунт стерлинг ($24.86775)лик хайрияни қабул қилди. Кейин бинони амирлик асосчиси Зайднинг номи билан атади.

2013 йил мартида Сандхёрстнинг Mons Hall спорт маркази Қирол Ҳамад номи билан қайта очилди. Бу қарор Баҳрайн ҳукмдори 3 миллион фунт стерлинг ($4.97355) хайрия бериши ортидан олинди.

Спорт марказининг қайта номланиши эса, баҳсу мунозараларни келтириб чиқарди. Танқидлар қисман марказнинг олдинги номи 1914 йил августи - Биринчи Жаҳон уруши даврида Белгиянинг Монс шаҳрида кечган жангларда ҳалок бўлган 1, 600 британ аскари шарафига қўйилгани билан боғлиқ бўлса, қисман 3 йил муқаддам Баҳрайндаги сиёсий норозиликларнинг қай йўсин бостирилгани сабабдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Press association
Image caption Британиядаги энг баланд бино Қатар сармоядорлари тарафидан молияланган

2011 йил Баҳрайндаги шиа кўпчиликлар ва иқтидордаги сунний элита ўртасида танглик авжга чиқаркан, мухолифат ҳисоб-китобларига кўра, 80дан ортиқ фуқаро хавфсизлик кучлари қўлида нобуд бўлганди. Ҳукумат эса, бу рақамларни савол остига олади. Тўқнашувларда 13 полиция ходими ҳам ҳаётдан кўз юмган.

Сандхёрст танқидларга ёзма жавоб берди. "Сандхёрстга берилган барча хайриялар Буюк Британиянинг ички қонунлари ва халқаро мажбуриятлар ҳамда бизнинг миллий қадриятларимиз доирасида берилди. Бу каби хайриялар йиллар давомида Британия солиқ тўловчиларга катта миқдордаги пулни тежаб берди".

Сандхёрстнинг дўстлари душманга айланишса, нима бўлади?

2001 йил собиқ бош вазир Тони Блейр Британия ва Сурия муносабатлари илиқлашаётгани белгиси сифатида Дамашққа сафар қилганди. Кўп ўтмай, 2003 йил Сандхёрстда Сурия қуролли кучлари зобитлари тайёрловдан ўтказила бошлади. Бугун эса, албатта, Сурия ҳукумати халқаро доирада яккалаб қўйилгандир.

Журналист Майкл Кокерелл Ливия диктатори Полковник Қаддофийнинг 1966 йил Биконсфилддаги (Beaconsfield) Армия мактабида ўтган даври ҳақида ёзган:

"Уч йилдан сўнг, Қаддофий Британия Армияси томонидан тайёрловдан ўтказилган хорижлик зобитлар изидан борди. У янги ўзлаштирган билимини ўз мамлакатида сиёсий қудратни қўлга олишда қўллади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бош вазир Девид Камерун 2012 йил Қирол Ҳамад билан учрашган

Анъана давом этади. 1990 йилларда Миср полковниги Аҳмад Али Сандхёрстда таҳсил олганди. У 2013 йил Исломий Президент Муҳаммад Мурсини ағдарган Миср ҳарбийлигидаги асосий ўйинчилардан бири бўлди. Ҳозир Президент Сисининг ички маслаҳатчиларидан бири этиб тайинланган.

1990 йиллар охирида Тони Блейр қўли остидаги ҳукумат томонидан Сандхёрстда хорижий курсантларни тайёрловдан ўтказишга барҳам бериш ҳаракатлари бўлди.

1999 йил Қирол Ҳусайннинг дафн маросими, кўринишидан, мазкур режанинг амалга тадбиғи олдини олди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption ...намойишчилар эса, Баҳрайндаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга норозилик билдиришганди

"Дафн маросимига бутун дунёдаги қарийб ҳар бир мамлакат раҳбарлари келишган эди. Бизнинг бош вазир Тони Блейр ҳам ўша ерда эди", деб эслайди Генерал - Майор Денаро. "У менинг мамлакатлар раҳбарлари - Бруней Султони, Оман Султони, Баҳрайнликлар, Саудияликлар билан сўзлашаётганимга гувоҳ бўлди ва: "Уларни сен қаердан биласан?" деб сўради. Мен: "Чунки, улар Сандхёрстга боришганди", дея жавоб бергандим".

Хабарларга кўра, бугун Сандхёрстда бошқа мамлакатлар билан солиштирганда энг кўп Бирлашган Араб Амирлигидан келган зобитлар тайёрловдан ўтказилади. 2014 йил майида қабул қилинган 72 хорижлик курсантнинг 40 фоизга яқинида Яқин Шарқдан бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Блейр бошчилигидаги ҳукумат хорижий зобитларни ўқитиш анъанасини тўхтатишга уринишганди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Баҳрайн марказидан Марям ал-Хаважа: "Одамлар ўтмишга боқиб, Британия Яқин Шарқда қанчалар хато сиёсат олиб борганини, чунки улар инсон ҳуқуқлари ва демократия қадриятлари ортида туришдан кўра кўпроқ Баҳрайнга қирувчи учоқлар сотишни исташганини кўришади", дейди.

Ҳабиба Ҳамидга кўра, Сандхёрст - "мустамлакачи ўтмишдан ёдгорлик", "улар демократик сайланган раҳбарлар учун зарур бўлган фуқаровий қадриятларни ўқитишмаяпти".

Сандхёрстга кўра, "ҳарбий олди-бердилар ва таълим орқали халқаро муносабатлар қуриш Буюк Британиянинг халқаро стратегиядаги ўрни асосий устунларидан биридир".

Сандхёрст армия ҳукуматга итоаткор бўлган Британия учун ажойиб таълим маркази бўлиши мумкин, аммо қуролли кучлари халқни эмас, балки ҳукмрон оилани мудофаа қиладиган Яқин Шарқ монархиялари учун ҳам ҳарбий зобитлар етиштириб бермоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ