Туркияда “ҳалол саёҳат” оммалашмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи adenya
Image caption Ҳалол меҳмонхона

"Мусулмонлар ҳам қумли соҳилларни яхши кўришади”, дейди Иқбол. Лондон шимолида истиқомат қилувчи Иқбол, ўз рафиқаси Ойша ва тўрт нафар фарзанди билан Анталиядаги Аденя меҳмонхонасида бир ҳафта дам олишди.

"Биз Ислом маданияти бўлган бирор бир мамлакатга боришни истаган эдик, муқаддам Марокашда, Дубай ва Мисрда бўлганмиз...Менимча, Туркия Ислом дунёсидаги энг яхши мамлакат, айнан шу ерда мусулмон аёллар учун ҳам денгизнинг қумли соҳилларида дам олиш учун шароитлар яратилган”, дейди у.

Ойша ҳам эрининг сўзларини маъқуллайди.

"Одамлар суратга олишаяпти, энди бу суратларни Facebook га чиқариб юборишади деб хавотир бўлмайсиз. Бемалол дам оласиз”, дейди Ойша.

Анталияни “Исломий” деб аташ мушкул, бу ерда ўнлаб тунги клублар, ресторанлар ва бошқа кўнгилочар маконлар ишлаб туради.

Денгиз соҳиллари ҳам чўмилиш кийимида бўлган эркаклару аёллар билан тўлган.

Аммо “ Исломий сайёҳлик” саноати бутун Туркия бўйлаб ривожланиб бормоқда.

Тобора кўпроқ меҳмонхоналар “ҳалол саёҳат” таклиф этишмоқда.

Яъни, Исломий қадриятларга зид бўлмаган дам олиш имкониятлари...

Image caption Бу соҳил фақат аёллар учун...

Аденя ана шу “ҳалол меҳмонхоналардан” бири ва ана шу “ҳалол”лик ёрлиғини маркази Малайзияда бўлган Дунё Ҳалол Иттифоқидан олган.

Меҳмонхона беш юлдузли ва остонадан киришингиз билан гўзал мармар сатҳ, қандиллар ва кичик фавворалар сизни ўзига ром этади.

Бу ерда бешта чўмиладиган ҳовуз бор ва уларнинг бари аёлларга мўлжаллаган.

Фотокамера ва ё телефонлар билан кириш мумкин эмас.

Ичкарида эса... Мусулмон аёллар сочларини ёзишган ва анчайин эркин бир фазода дам олишмоқда.

Деярли ҳамма чўмиладиган кийимда... Бу эркинлик беқиёсдир бир маънода, чунки аёллар бегона эркаклар кириб қолмаслигига ишонишади.

Бу ерда қумлик соҳил ҳам бор.

Аёллар чўмиладиган соҳил ҳам бутунлай эркаклар кўзидан пана қилинган.

Шунингдек, эркаклар чўмиладиган жойга ҳам аёллар киритилмайди.

Аммо меҳмонхонанинг барча жойлари ҳам ажратилган эмас.

Ресторанда бир оила бўлиб овқатланиш мумкин.

Барча таомлар ҳалол ва алкоголли ичимликлар мутлақо тақиқланади.

Ойша мамнун, унинг айтишича, бу ерда қандай овқат емоқдамиз, ҳалолми ёки йўқми, деган хавотир йўқ.

Мулти миллиард бозор

Image caption Аёллар "пляжи"га хуш келдингиз!

Туркияда ўтган бир неча йил ичида ҳалол меҳмонхоналар сони ортиб бормоқда.

Маҳаллий журналистга кўра, Туркиянинг исломий қадриятларга эга ҳукумати қудратга келганида бунақа меҳмонхоналар сони бешта эди.

Сайёҳлик вазирлигида ҳалол меҳмонхоналарининг сони бўйича аниқ маълумот йўқ, аммо айни соҳада ишлайдиган менежерлардан бири Омер Солмазга кўра, бу каби меҳмонхоналар сони

элликдан ортиқ ва йилига беш миллион сайёҳга хизмат кўрсатмоқда.

Меҳмонларнинг аксарияти маҳаллий турклар экани айтилади.

Аммо Аденя меҳмонхонасининг эгаси Илкнур Татарўғлига кўра, ҳалол меҳмонхоналарга Араб давлатлари, Оврўпо, Осиё ва Кариб оролларидан кўплаб сайёҳлар келишмоқда.

1.6 миллиардлик жаҳон мусулмонлари назарда тутилса ҳалол меҳмонхоналар саноати ҳали тўла ривожлантирилгани йўқ.

Туркия, Малайзия, Индонезия ва Марокаш бу саноатдаги йирик ўйинчилар қаторидадир.

Ҳозир айни саноатнинг қиймати 140 миллиард АҚШ долларига тенг ва мутахасисларга кўра, 2020 йилга бориб 192 миллиард долларни ташкил этади.

Аммо Туркиянинг асосий мухолиф партиясига кўра, ҳалол меҳмонхоналар фақатгина бизнес эмас, балки мамлакатни исломлаштиришга уринишдир.

Анталия ҳокими фақат аёллар учун денгиз соҳилида чўмилиш жойини очар экан, ҳалол саёҳат саноатига доир мунозаралар яна қизиди.

Очилиш маросимида ҳоким Мендерес Турел Би-би-сига агар талаб бўлса яна ҳам кўпроқ ҳалол соҳиллар ташкиллаштириши ҳақида айтди.

"Агар биз демократия қадриятлари ва эркинликларни ҳимоя этар эканмиз, унда барчага баробар бўлишимиз шарт”, дейди ҳоким.

Исломий аталмиш АК партиянинг вакили ўлароқ парламент аъзоси Гокжен Оздоган Энжга кўра, бу каби ҳалол қум соҳиллари аслида анъанадор аёлларни озод қилади.

Эркаклар ва аёллар ажратилмаган денгиз қум соҳилларини ёпиш ҳақида эса, унинг айтишича, гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Аммо мухолифатда бўлган партиядан парламент аъзоси Айлин Назлиаканинг Би-би-сига айтишича, “аёллар жамоат жойларидан сиқиб чиқарилиб, “кичик қамоқхоналар”га ташланмоқда..."

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ