Суриялик фаоллар: 'Исломий Давлат' ўнлаб аскарларни қатл қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи ISIS
Image caption Интернетда пайдо бўлган суратлар ва видеода ичкийимдаги 100дан ортиқ эркакнинг қурол ўқталган ҳолатда чўли биёбон бўйлаб олиб ўтилгани акс этган

"Исломий Давлат" гуруҳи жангарилари Сурия армиясининг "ўнлаб" аскарларини қатл қилган бўлишлари мумкин. Бу ҳақда Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув маркази хабар бермоқда.

Фаолларга кўра, аскарлар Табқа ҳаво базаси "Исломий Давлат" томонидан ҳужумга тутилган пайти Ҳама вилоятига қочаётган пайтлари асир олинган.

Шунингдек, улар жиҳодчиларга тегишли Twitter саҳифаларида 200га яқин ўлим ҳоллари ҳақида фахр билан ёзилаётгани ҳақида айтишади.

Чоршанба куни интернетда пайдо бўлган суратлар ва видеода ичкийимдаги 100дан ортиқ эркакнинг қурол ўқталган ҳолатда чўли биёбон бўйлаб олиб ўтилгани акс этган.

Видеода жангарилар "Исломий Давлат" ва "Ортга йўл йўқ", дея қичқирганлар.

Ҳафта бошларида бутун танани ёпиб турувчи кийим-бошдаги "Исломий Давлат" жангчилари ҳаво базасидаги камида 7 нафар тиззалаб турган инсонни отиб ўлдиришгани акс этган суратлар чоп этилганди.

'Кенг кўламли шафқатсизликлар'

Табқа ҳаво базаси "Исломий Давлат"нинг таянч нуқтаси бўлган шимолий Раққа шаҳри яқинида жойлашган. Ҳафталар давом этган қақшатқич жанглар ортидан ҳаво база назорати жангарилар қўлига ўтган.

Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув марказига кўра, 5 кун давом этган ниҳоий жангларда "Исломий Давлат"га тегишли жангчиларнинг 346 нафари, Сурия хавфсизлик кучларидан 170дан ортиғи ҳалок бўлган.

Марказ раҳбари Рами Абдул Раҳмоннинг "Франс пресс" ахборот агентлигига айтишича, ҳаво базасида 1, 400 қўшин жойлаштирилган бўлган, улардан 700 нафари қочишга муваффақ бўлган.

Унга кўра, кўринишидан, 200 аскар ҳукумат назоратидаги Оронтез водийсига етиб олиш учун чўлни кесиб ўтишаётган пайти тутиб олинган ва "Исломий Давлат" томонидан қатл қилинган. Рами Абдул Раҳмон яна 500 киши қочиб юрганини қўшимча қилади.

Ҳаво базаси қўлдан кетганидан кейин Сурия давлат телевизиони армияси "қайта бирлашаётгани" ва қўшинлар "муваффақиятли" эвакуация қилингани ҳақида хабар берган.

Сешанба куни БМТ текширувчилари "Исломий Давлат" жангарилари Сурияда "кенг кўламда шафқатсизликлар"ни амалга оширгани ва болаларни жангчилар сифатида ёллаганини айтганди.

БМТ ҳисоботига кўра, жиҳодчилар назоратидаги ҳудудларда оммавий қатллар "одатий томоша"га айланган ва маҳаллий одамлар кўришга мажбурланади.

Айни пайтда текширувчилар Сурия ҳукумати кучлари ҳам шафқатсиз амалларга қўл урганларини эътироф этишган. Ҳукумат қуролли кучлари вертолётлардан портловчи воситалар, хлор гази ташлашда, шифохоналарни нишонга олишда ҳамда фуқароларни қийноққа солиш ва ўлдиришда айбланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ