Исломий давлат туркманларга таҳдид солмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бағдодга қочиб келган Ироқ туркманлари шиа маҳаллаларида бошпана топишган

Исломий Давлат мужоҳидлари шимолий Ироқнинг туркманлар яшовчи шаҳар ва қишлоқларига ҳам етиб келганлар. Амирли шаҳри ҳозир буткул қамалда.

Вашингтон туркманларга ҳаводан ёрдам ташламоқчи. Аммо жангарилар қўлига ўтгач, шиа мазҳабига мансуб туркманлар тақдири нима кечиши номаълум.

Пентагон Ироқдаги кўпроқ ҳудудларда жангариларга қарши ҳаво ҳужумлари олиб бормоқчи. Аммо бу учун Оврўпо давлатлари дастагига муҳтож.

Бир ҳафта олдиноқ БМТ туркманларнинг Амирли шаҳри қирғинбаротга саҳна бўлиши мумкин, деб огоҳлантирганди.

Чунки Исломий Давлат мужоҳидлари шиаларни кофир, деб билишади.

Ироқнинг қатор ҳудудларини қўлга олган Исломий Давлат жангариларидан қочган инсонлар сони аллақачон 1 миллиондан ошиб кетган. Кўпчилик курд минтақаларида жон сақламоқда.

Қамалда қолаётган Амирли туркман шаҳрида ҳозир электр ва сув таъминоти узилган, озиқ-овқат тақчиллиги бошланаяпти.

Шаҳарда қолган 15 мингга яқин туркманни қутқариш ниятида Ироқ қўшинлари бир неча маротаба ҳаракат қилишди. Аммо натижа бўлмади.

Ҳозирча ҳаводан озиқ-овқат ташлаш ниятини айтаётган АҚШ вакиллари қамалдаги туркманларни озод қилиш борасида бирон бошқа йўлларни кўриб чиқаётгани ва ёки Ироқ ҳукумати билан маслаҳатлашаётгани борасида аниқ хабарлар йўқ.

Ўтган ой Синжар тоғида қамалда қолган язидий дини вакилларига АҚШ озиқ-овқат ташлаганди. Сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, у ерда ҳамон икки мингга яқин язидий қолиб кетмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ