Марадонаю Бажжо Ғазода ‘Тинчлик учун’ майдонга тушишди

Британ нашрларининг хабар беришича, Тинчлик учун динлараро кўргазмали футбол учрашувига шахсан Рим Папаси Франсиснинг ўзи бош-қош бўлган.

Ғазо инқирозига дипломатик йўл билан ечим топилсин деб, Марадона, Алессандро дель Пьеро, Роберто Бажжо, Андрей Шевченко, Карлос Вальдеррама каби жаҳон футболининг манаман, деган собиқ юлдузлари майдонга тушишган.

Хабарларга кўра, бундан ташқари, Лионель Месси, Самуэль Это’О, Месут Ўзил ва Лукас Подольский каби бугунги кун футболининг энг ёрқин намояндалари ҳам Римга таклиф этилишган.

Жумладан, “Daily Mail” нашрининг хабар беришича, Исломдан тортиб, Буддавийликкача, турли дин ва конфессияларга мансуб жаъми 50 сара футболчига Ғазо бўлгасида “Тинчлик учун ўйнаб бермайсизми?”, деган таклиф билан чиқилган.

Рим Папасининг ташаббусига бош қўшишга рози бўлган юлдуз футболчилар эса, иккига бўлиниб, “PUPI” ва “SCHOLAS” номи остида бир-бирларига қарши майдонга тушишган.

“PUPI”ларга Аргентина миллий терма жамоасининг собиқ сардори Хавьер Санетти, “SCHOLAS” га эса, Италия миллий терма жамоасининг номдор дарвозабони Жанлуижи Буффон сардорлик қилишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Энг қизиғи, ёзги олди-сотди бозорининг энг сўнгги куни эканига қарамай, Лондоннинг асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳамсоҳиблик қилувчи “Арсенал” жамоаси Бош мураббийси Арсен Венгер ҳам Римга келиб, ушбу футбол учрашувида “SCHOLAS” жамоасига устозлик қилиб берган.

“PUPI”ларга эса, 90 дақиқа давомида Аргентина миллий терма жамоасининг Бош мураббийси Херардо Мартино бош-қош бўлган.

Дунё футболи юлдузлари бир-бирига қарши майдонга тушишган эмасми, учрашув ҳам роса тўпларга бой бўлган ва 6:3 ҳисобида Херардо Мартино шогирдларининг ғалабаси билан якунланган.

“Интер”(Милан) ҳужумчиси Мауро Икарди хет-трик қайд этган бўлса, қолганига “Челси” собиқ ҳужумчиси Андрей Шевченко қарашиб юборган.

Жаҳон футболи афсонаси Диего Марадона ўзи тўп урмаган эса-да, Роберто Бажога берган узатмаси билан “SCHOLAS”нинг иккинчи тўпига ҳаммуаллифлик қилган.

Динлараро кўргазмали футбол учрашувига “Интер”(Милан) собиқ ярим ҳимоячиси Хавьер Санетти асос солган “Pupi” жамғармаси ва Рим Папасининг ўзи бош-қош бўлган “Scholas Occurentes” халқаро мактаблар тармоғи ҳаммезбонлик қилишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шу ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Рим Папасининг ўзи ҳам ашаддий футбол ишқибозларидан: у, йилларки, Аргентинанинг “San Lorenzo” жамоасига мухлислик қилади.

Хабарларга кўра, Римдаги ўйиндан аввал папа ҳазратлари Диего Марадона, Алессандро дель Пьеро ва Карлос Вальдеррамалар каби қатор юлдуз футболчилар билан шахсан учрашишга ҳам улгурган.

Исроил ва “Ҳамас” гуруҳи эса, 50 кунлик урушлар ортидан, фақат ўтган жума кунига келиб, доимий оташкесимга рози бўлишганди.

Қарийб икки ойлик қуролли низолар 2.200 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, бўлга ҳаётини деярли буткул издан чиқарган ва улкан вайронагарчиликларга сабаб бўлган.

Сўнгги урушдан ҳар томонлама энг кўп талафот кўрган эса, Фаластин томони бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ