Америкалик журналистнинг қатл этилгани тасдиқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Сотлофф 2013 йилда Сурияда қўлга олинган.

Қўшма Штатлар америкалик журналист Стивен Сотлоффнинг боши танасидан жудо этилгани акс этган видеонинг ҳаққонийлигини тасдиқлади.

АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши вакили Кейтлин Хэйденнинг сўзларига кўра, видео тасвирларни ўрганган америка жосуслик хизмати вакиллари ана шундай хулосага келишган.

БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун видеони "жирканч жиноят" дея қоралаган.

31 ёшли Сотлофф 2013 йилда Сурияда қўлга олинган эди.

У ўтган ой америкалик журналист Жеймс Фолейнинг ўлдирилиши акс этган видеода пайдо бўлган эди.

Охирги видеода гапирган жангари унда кўрсатилган Британия фуқаросини ҳам қатл этиш билан таҳдид қилган.

Гаровдаги британияликнинг оиласи матбуотдан унинг исми-шарифини ошкор этмасликни сўраган.

Видеодаги жангари ҳам худди Жеймс Фолейни қатл этган шахс каби британ инглизчасида гапирган.

Британия Бош вазири Девид Камерон вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказмоқда.

Видео интернетда эълон қилиниши ортидан АҚШ Президенти Барак Обама Бағдоддаги америка дипломатларининг хафсизлигини таъминлаш учун қўшимча 350 нафар кучларни жойлаштиришга буйруқ берган.

Исломий Давлат сўнгги ойларда Ироқ ва Сурияда йирик ҳудудларни қўлга киритган ва Абу Бакр ал-Бағдодий раҳбарлигида Исломий Халифат эълон қилган.

Қўшма Штатлар ўтган ой Ироқдаги ИД мавқеъларига қарши 120 дан ортиқ ҳаво зарбаларини амалга оширган.

Бу мавзуда батафсилроқ