НАТО саммитида Россия танқид қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи twitter poroshenko
Image caption НАТО саммитида асосий эътибор Украина шарқидаги вазиятга қаратилади

НАТО саммитига йиғилган ғарб давлатлари раҳбарлари Украина инқирозида "бузғунчилик роли" учун Россияни танқид қилишмоқда.

НАДО вакиллари огоҳлантиришича, агар Кремл Украинага нисбатан танлаган сиёсатини ўзгартирмас экан Москвага босим ортишда давом этади.

Украина президенти Пётр Порошенко Оврўпо Иттифоқи ва Қўшма Штатлар раҳбарлари билан учрашмоқда.

Ушбу учрашувда жаноб Порошенко Украина шарқида урушни тўхтатиш бўйича Владимир Путин таклиф қилган режа билан ўртоқлашади.

Саммитда шунингдек Шарқий Оврўпони Россиянинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида бир неча минг кишилик НАТО тезкор кучларини таъсис этиш бўйича якуний қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Москва буни миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида кўришини маълум қилган.

Украина ҳукумати кучлари ва бўлгинчилар ўртасида беш ойдан буён давом этаётган жангларда, баъзи маълумотларга кўра, икки ярим мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган.

Ғарб мамлакатлари Москванинг бўлгинчиларга ёрдам кўрсатаётганига оид далилларга эга эканликларини айтадилар.

Кремл вакиллари бу даъволарни буткул рад этадилар.

БМТнинг охирги ҳисоб-китобига кўра, Украина шарқида можаро кучайиши натижасида бир миллиондан кўпроқ одам ўз уй-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар.

Украинада юз бераётган ҳодисалар Уэлснинг Нюпорт шаҳрида икки кун давом этажак саммит диққати марказида бўлади.

Бундан ташқари НАТО саммитида Ироқ ва Сурияда тобора кўпроқ ҳудудларни ишғол этаётган Исломий Давлат гуруҳи ва Афғонистондаги вазият муҳокама қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ