'Аш-Шабаб' гуруҳи раҳбари ўлдирилди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аҳмад Абди Годаненинг ўлимини Пентагон тасдиқлади.

Америка томонига кўра, жангари гуруҳ раҳбарини шу ҳафта бошида ўлдиришган.

Расмий хабарларда айтилишича, АҚШ ҳарбийлари душанба куни тунда пойтахт Могадуши жанубида ҳаво ҳужуми уюштиришган.

Тўртта машинадан иборат карвон ва бир муваққат жамлоқни вайрон этишган.

Аён бўлишича, "аш-Шабаб" исломий жангари гуруҳи раҳбари худди шу ҳужумда ўлдирилган.

Аҳмад Абди Годане АҚШ Давлат департаменти ортидан тушган жангари лидерлардан бири саналарди.

Америка томони Годане учун 7 миллион доллар мукофот пули эълон қилган эди.

Сомалилик таҳлилчи Нур Муҳаммад Шайхнинг Би-би-сига айтишича, лидерининг ўлими "аш-Шабаб"га жиддий зарба бўлади.

"Унинг ҳалок этилиши жангариларининг руҳини тушириб юбориши тайин. Бироқ, шунда ҳам, бу - гуруҳнинг тез орада йўқ бўлиб кетишини англатмайди".

Таҳлилчига кўра, ҳозирча Годаненинг ўрнига гуруҳ кимни ўз раҳбари этиб тайинлаши номаълум.

Чунки унинг ўрнига муносиб номзодлари йўқ, дейди у.

Қисқача таржимаи ҳол ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аден Ҳаши Айро АҚШ ҳаво ҳужумида ўлдириларкан, Аҳмад Абди Годане 2008 йилда "аш-Шабаб" гуруҳининг янги раҳбарига айланади.

У 2009 йилда "Ал-Қоида" тармоғига байъат келтирган.

Ҳаргейса шаҳрида уюштирган ҳужумлари учун 2008 йилдан сиртдан ўлим жазосига ҳукм этилган.

Судан ва Покистонда таҳсил олган. Ўша ерда унинг қарашлари радикаллашган.

Хабарларга кўра, Годане Афғонистонда ҳам жанг қилган.

Яхши нотиқ ва шоир сифатида ҳам танилган.

Хавфсизлик ва жангари доираларида Мухтор Абу Зубайр номи билан ҳам яхши маълум.

Унинг ўлими ортидан, Сомали президенти гуруҳни қўлдан қуролини қўйишга даъват қилган.

Расмий баёнот билан чиқиб, жангариларга 45 кунлик авф эълон қилган.

АҚШ ва "аш-Шабаб"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ Сомалини "аш-Шабаб" жангариларидан тозалаш учун 2011 йилдан буён Африка Иттифоқи кучларига кўмак бериб келади.

Гуруҳ БМТ томонидан дастакланган Сомали ҳукуматини ағдаришни режалаган.

Худди шу мақсадда Сомали ва унга қўшни давлатларни ҳам ҳужумга тутиб келади.

АҚШ томони "аш-Шабаб"ни "ал-Қоида" тармоғининг Африкадаги энг йирик иттифоқчиси сифатида кўради.

Пентагоннинг баён қилишича, "бир неча йиллик машаққатли меҳнатлари" ортидан бу гуруҳ раҳбарини ўлдиришга муваффақ бўлишган.

Америка томонига кўра, Годане шарқий Африкада ғарбликларга қарши турли фитналар уюштириш ҳаракатида ҳам бўлган.

Оқ Уйнинг расман баён қилишича, бундан буёғига ҳам гуруҳ солаётган хавфни аритиш ва Сомали ҳукуматини дастаклаш учун қўлларидан келган барча ишни қилишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ