Афғонистон: аёлларни зўрлаган етти шахсга ўлим жазоси берилди

Image caption Маҳкама ташқарисига тўпланганлар айбланувчиларга ўлим жазоси берилишини талаб қилганлар

Афғонистонда маҳкама тўрт нафар аёлни гуруҳ ҳолида зўрлаган етти шахсни ўлим жазосига ҳукм этган.

Маҳкама жараёни жонли тарзда давлат телевидениеси орқали намойиш этилган.

Маҳкама ташқарисига тўпланган дарғазаб оломон айбланувчиларга ўлим жазоси берилишини талаб қилганлар.

Етти шахс август ойида тўй маросимидан Кобулга қайтаётган тўрт аёлни ўғирлаш ва уларга ҳужум қилишда айбдор деб топилган.

Маҳкамага тақдим этилган кўрсатмаларга кўра, полиция либосини кийган ва қуролланган етти шахс 23 август куни эрта тонгда Пағмон вилоятида Кобул томон бораётган автомобилларни тўхтатганлар.

Улар тўрт нафар аёлни машиналардан куч ишлатиб туширганлар, уларни талаганлар, калтаклаганлар ва сўнгра зўрлаганлар.

Тажовузга учраганлардан бир аёл ҳомиладор бўлгани хабар қилинади.

Бутун Афғонистонни ларзага солган мазкур ҳодисага президент Ҳомид Карзай ҳам муносабат билдириб, еттовлонни қатл этишга чақирган.

Кобул полицияси бошлиғи эса етти айбдорни халқ ўнгида қатл этишни талаб қилган.

"Биз уларни халқ ўнгида қатл этишларини истаймиз. Бу бошқаларга ҳам сабоқ бўлсин," - деб айтган у.

Афғонистонлик фаолларга кўра, мамлакатда аёлларни жинсий зўрлаш ҳоллари кенг тарқалган эса-да, кўп ҳолларда жамоатчиликка ошкор этилмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02