Шаҳзода Уилям ва Кейт иккинчи фарзандларини кутишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Британия тахтига иккинчи ворис шаҳзода Уилям ва рафиқаси Кейт Миддлтон иккинчи фарзандларини кутаётганликларини эълон қилишди.

"Қиролича Елизавета II ва ҳар икки оила аъзоларининг янгиликдан бошлари осмонда",- дейилади расмий баёнотда.

Кенсингтон саройининг билдиришича, Кейтнинг бошқоронғулиги биринчи фарзандида бўлгани каби, яна кўнгил айниши билан кечмоқда ва у энди расмий сафарларда Кембридж герцогига ҳамроҳлик қилмайди.

Олдинги ҳомиладорлиги чоғида Кейт Миддлтон токсикознинг оғир кўриниши билан қисқа муддатга Лондон марказидаги Эдуарда IV номидаги шифохонага ётқизилганди.

Буюк Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ўзининг Twitter даги саҳифасида Уилям ва Кейтни табриклаган.

Уларнинг биринчи фарзанди шаҳзода Жорж 2013 йилнинг 22 июлида дунёга келган.

Би-би-сининг қироллик масалалари бўйича мухбири Питер Хантнинг ёзишича, Кембридж герцогинясининг бошқоронғулиги ҳақидаги эълондан тахмин қилиш мумкинки, ҳали чақалоқ 12 ҳафталик бўлмаган.

Малика Кейт душанба куни шаҳзода Уилям билан бирга Оксфорд университетида Хитой таълим марказининг очилишида иштирок этиши кутилганди, аммо сарой мулозимларининг айтишларича, бошқоронғулик туфайли қатнаша олмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ