Хитой телевидениеси Райс хонимларни адаштириб қўйди

Пекинга борган АҚШ Президенти Барак Обаманинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Сюзан Райс хоним ҳақида лавҳа тайёрлаган Хитой телевидениеси Кондолиза Райс суратини намойиш этди.

Бу Хитойдаги матбуот эътиборидан ҳам четда қолмади.

Билағон Интернет фойдаланувчилари ҳам дарров ижтимоий тармоқларни ишга солиб, хатони кўрсатишга шошилганлар.

Шу кунларда АҚШ Президенти Барак Обаманинг Миллий Хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сюзан Райс Пекинда Хитойнинг юқори лавозимли сиёсий ва ҳарбий расмийлари билан музокаралар ўтказган.

Бу ҳақда хабар берган Хитойнинг инглиз тилидаги China Central Television - CCTV телеканали 50 сониялик телелавҳа намойиш этган.

Телебошловчи америкалик меҳмон ташрифи ҳақида гапираркан, унинг ортидаги экранда Кондолиза Райс хоним сурати кўрсатилган.

Бу телелавҳа YouTube Интернет порталига ҳам қўйилган.

Интернет фойдаланувчиларининг "фаоллиги" туфайли телеканал YouTubeдаги бу видеони олиб ташлашга мажбур бўлган.

Кейинроқ эса худди шу сарлавҳа билан видео эълон қилинган, лекин бу видеода Сюзан Райс хонимнинг фотосурати тузатиб қўйилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Барак Обаманинг яқин ёрдамчиларидан бири ҳисобланган Сюзан Райс хоним жаноб Обаманинг илк сайланганидан кейин АҚШнинг БМТдаги элчиси этиб тайинланган.

Президент Обама иккинчи муддатга сайланганидан кейин Райс хонимни ўзининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлаган.

Сюзан Райс хоним Пекинга уч кунлик ташриф билан борган.

У Президент Обаманинг 2014 йил ноябрига мўлжалланган Хитойга ташрифига тайёргарлик ишларини ҳам муҳокама қилган.

Ва Сюзан Райс Кондолиза Райснинг қариндоши эмас, дея эслатади BBC Monitoring.