Украина осмонида учоқ 'ташқаридан ҳужумга учраган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина осмонида 17 июл куни қулаган Малайзия йўловчи учоғи ҳалокати сабабларини ўрганган мустақил комиссия учоқ "ташқаридан ҳужумга учраган" деган хулосага келган.

Комиссиянинг дастлабки ҳисоботи эълон қилинган.

Тўла ҳисобот кейинги йил тайёр бўлиши хабар қилинган.

Илк ҳисоботни тайёрлашда Голландия текширувчиларига Буюк Британия, Олмония, Австралия, Малайзия, АҚШ, Украина ва Россия мутахассислари ёрдам берганлар.

Ушбу ҳужжатни тайёрлашда "Боинг" учоғи "қора қути"ларидаги ёзувлар, Ер сунъий йўлдошларидан ҳамда ҳалокат жойида тасвирга олинган фотосуратлардан фойдаланилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ҳисоботда айтилишича, Амстердамдан Куала-Лумпурга бортида 298 инсон билан парвоз қилаётган учоқ техник соз бўлган.

Парвоз пайтида ҳеч қандай бузилиш рўй бермаган.

Мутахассисларга кўра, учоққа ташқаридан "катта қувватга эга бир неча объектлар" келиб урилган.

Ушбу шикастлардан учоқ ҳаводаёқ бўлак-бўлакларга парчаланиб кетган, деган хулосага келиш мумкин.

Ҳисоботда учоқ ким томонидан ҳужумга тутилгани ҳақида сўз бормайди.

Текширувчилар ҳужумчи ким эканини аниқлаш ўзларининг вазифасига кирмаслигини айтганлар.

Гаагадаги халқаро жиноятлар маҳкамаси прокурорлари ушбу ҳалокат юзасидан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилмоқда.

Бунгача Украина ҳукумати ва қатор Ғарб мамлакатлари ер сатҳидан 10000 метр баландликдаги учоқ Украина шарқида ўзларининг давлатини қуришни истайдиган россияпараст бўлгинчилар томонидан "ер-ҳаво" тизимидаги ракета билан уриб туширилганини айтганлар.

Бу Россияда ишлаб чиқариладиган "Бук" зенит-ракетаси бўлиши мумкинлигига ишора қилинган.

Россия Украина шарқидаги бўлгинчиларга қурол-яроғ, хусусан, ракета етказиб бераётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб келади.

Айни пайтда Би-би-сининг журналистик текширувларга асосланган "Панорама" дастури Украина осмонида уриб туширилган Малайзия учоғи сабабларини аниқлашга уринган.

Ушбу дастур 8 сентябр куни эфирга узатилган ва Украина шарқида яшайдиган уч киши "Боинг" ҳалокатидан олдин ўша ҳудудда "Бук" ракета тизимини ва уни бошқараётган россиялик ҳарбийларни кўрганлари ҳақида айтганлар.

Гувоҳлар "Боинг" қулаган жойдан 10 километр узоқликдаги Снежное шаҳарчасида 17 июл куни туш пайти "Бук" ракетасини тушираётганларини кўрганларини, уни бошқараётганлар маҳаллий рус миллати вакиллари бўлмаганларини айтганлар.

Ракетани бошқарганлар россияликлар бўлганлар, деб айтишган Би-би-си суҳбатлашган маҳаллий аҳволи вакиллари.

Бу мавзуда батафсилроқ