Обама Исломий давлатга қарши ҳужумларни оширмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Президент Обама АҚШ Конгрессининг тасдиғисиз ҳам Ироқ ва Суриядаги Исломий Давлат (ИД) жангариларига қарши ҳарбий амалиётни кенгайтириш ваколатига эга эканини айтди.

Бироқ, у Суриядаги мухолифат кучларини қуроллаш масаласи бўйича барибир Конгрессга мурожаат қилади.

Жаноб Обама чоршанба оқшомида қилиши кутилаётган нутқида ИДга қарши стратегияси ҳақида гапириши мўлжалланган.

ИД жангарилари охирги ойларда Сурия ва Ироқнинг йирик ҳудудларини босиб олганлар ва "халифалик" эълон қилганлар.

Ўтган ойда ИД жангчилари Америка қўшинларининг ҳаводан ҳужумларига норозилик тарзида икки америкалик журналистни бошидан жудо қилганлар.

Жаноб Обаманинг нутқи кутилаётган бир ватда АҚШ Давлат котиби Жон Керри ИДга қарши минтақавий коалицияга дастак йиғиш учун Яқин Шарққа сафар қилмоқда.

Жаноб Керри 10та араб давлати ва Туркия расмийлари билан музокаралар олиб бориш учун Иордания ва Саудий Арабистонига боради.

Айни дамда Лондондаги саудий элчиси Шаҳзода Муҳаммад бин Наваф ўз ҳукумати ИДни қўллаб-қувватлаётгани ёки молиялаётгани борасидаги даъволарни рад қилди.

"Сурия ва Ироқдаги террорчиликка алоқадор ҳаракатларнинг урчишига халқаро бепарволик сабаб бўлди. Биз халқаро ҳамжамиятдан бу террорчи ташкилотнинг молиявий дастаклари ва структурасини яқиндан ўрганишга ундаганмиз", - деди у.

Your contact details
Disclaimer