Оврўпо Иттифоқи ортидан АҚШ ҳам Россияни яна жазолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Оврўпо Иттифоқининг Россияга қарши янги санкциялари кучга кирди.

Яна қатор Россия ширкатлари ва амалдорлари 'жазоланадиган' бўлди.

Расмий Москвага кўра, қасос олмасдан қўймайди.

Иттифоқ Украина инқирозида тутган ўрни учун Россияни жазоламоқда.

Янги санкцияларга мувофиқ, Россиянинг давлатга қарашли беш йирик ширкатига қарз бериш тўхтатилади.

Шунингдек, иттифоқ Россиянинг нефть ва ҳарбий ширкатлари билан олди-бердисини чеклайди.

Жазоланажак ширкатлар орасида "Роснефть", "Транснефть" ва "Газпрорм"нинг бензин бўлинмаси ҳам бор.

Иттифоқ шу йўл билан Украина масаласида Россияга босим ўтказмоқчи.

Аммо, аён бўлишича, Украина шарқидаги оташкесим бузилмаса, янги жазо чоралари юмшатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Қарши жавоб

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия иттифоқнинг янги жазо чораларига жавоб бермасдан қўймаслиги билан огоҳлантирмоқда.

Россиялик юқори мартабали мулозимнинг айтишича, иттифоқдан машиналар импортини тўхтатиб қўйишлари мумкин.

Натонинг тахминларига кўра, Россия Украина шарқида ҳануз 1.000 га яқин кучли қуролланган ҳарбийсига эга.

Ҳозиргина олинган хабарларга кўра, АҚШ Президенти Барак Обама ҳам ваъдасининг устидан чиққан.

Расмий Вашингтон ҳам бугун Россияга қарши янги жазо чораларини эълон қилган.

Бу гал Сбербанк, Москва Банки, Газпромбанк, Россия Қишлоқ Хўжалик Банки, Россия Ташқи Иқтисодий Алоқа Банки ва Россия Ташқи Савдо Банки санкциялар остига тушган.

Хабарларга кўра, янги жазо чоралари доирасида "Газпром" ва "Транснефть"нинг ҳам четдан молия олиши қийинлашади.

Аввалроқ президент Обама Россиянинг мудофаа, молия ва энергия соҳаларини кўз остларига олишаётганини айтганди.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ расмий Кремлни Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчиларни бевосита дастаклашда айблайди.

Россия Украина шарқига мунтазам равишда аскар, замонавий қуроллар ва танклар юбораётганини иддао қилади.

Аммо расмий Москва, ойларки, икковлоннинг бу даъволарини рад этиб келади.

Қора рўйхат

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Оврўпо Иттифоқи ўзининг янги санкциялари доирасида йигирмадан ортиқ россиялик мулозим ва бўлгинчилар раҳбарларини ўзининг "қора рўйхати"га киритган.

Бу эса, уларнинг саёҳат қилишлари чекланиши ва банк ҳисоблари музлатилишини англатади.

Янги рўйхатдагилари билан иттифоқ жазолашга қарор қилган шахсларнинг сони 119 тага етади.

23 Россия ширкатининг Оврўпо Иттифоқидаги банк ҳисоблари ҳам музлатиқлигича қолади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи янги санкцияларни, "мутлақ нодўстона қадам", дея баҳолаган.

Мамлакат Бош вазири Дмитрий Медведев эса, Россия Оврўпо йўловчи учоқлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпиб қўйиши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантирган.

Оврўпо Иттифоқининг янги санкцияларига оид хабар ортидан, Россия рублининг қиймати АҚШ долларига нисбатан кескин тушиб кетган. Еврога нисбатан ҳам анча қадрсизланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ