Рим Папаси: 'учинчи жаҳон уруши парча-парча бўлиб аллақачон бошланган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Рим Папаси Франциск айтишича, дунёда "парча-парча бўлиб учинчи жаҳон уруши аллақачон бошланган".

У Италиянинг Редипуля қабристонида Биринчи Жаҳон Уруши қурбонлари хотирасига бағишлаб ўтказилган маросимда гапирган.

"Одамзод йиғлаши керак, ҳозир йиғлайдиган пайт", деб айтган Папа Франциск.

"Иккинчи жаҳон уруши бартараф этилганидан кейинги бугунги кунда кимдир учинчи жаҳон уруши, бўлак-бўлакларга бўлиниб жанглар кетаётган, жиноятлар, қирғинлар, вайронагарчиликлар ҳақида гапириши мумкин", деган Рим Папаси.

Ҳозирги уруш ақлга тўғри келмайди, бу урушнинг сабаблари очкўзлик, тоқатсизлик, қурол-яроғ сотиш истаги ва ҳокимиятга интилиш, деган у.

"Уруш - бу ақлсизлик", деб айтган Рим Папаси.

Дунё католик насронийларининг руҳоний раҳбари инсониятни бефарқликдан қутулишга чақирган.

Италиянинг Словения чегарасига яқин жойдаги Редипуля қабристонига Биринчи Жаҳон Урушида ҳалок бўлган 100 минг итальян ҳарбийси дафн этилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

У ердаги маросим Биринчи Жаҳон Уруши бошланишининг 100 йиллигига бағишланган.

Рим Папасининг маърузасини тинглаш учун бир неча минг киши йиғилган.

Улар орасида бир неча урушларнинг иштирокчилари бўлганлар.

Редипуля қабристонидаги маросимнинг Рим Папасига шахсан алоқадорлиги ҳам бор эди, дейди маросимдан репортаж тайёрлаган Би-би-си мухбири Дэвид Уилли.

Рип Папасининг бобоси Жованни Карло Берголио Биринчи Жаҳон Урушида қатнашган.

Армияга чақирилган пайти Жованни Карло Берголио 31 ёшда бўлган.

У 1917-1918 йилларда Италия армияси сафида Австрия-Можаристон армиясига қарши жангларда қатнашган.

Уруш тугаганидан кейин Аргентинага кетган.

Маросимда Италия мудофаа вазирлигининг вакили Папа Францискка вазирлик архивида сақланган бобоси Жованни Карло Берголионинг шахсий ҳужжатларини топширган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ