Донецк атрофида қаттиқ жанглар бўлаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина шарқидаги Донецк шаҳри атрофида 13 сентябр эрталабдан портлашлар эшитилган.

Бундан олдин Украин ҳарбийлари бўлгинчиларнинг аэропортга ҳужумларини қайтарганлари ҳақида хабар тарқатганлар, ҳаво қўналғаси атрофида жанглар давом этган.

Жанговар амалиётлар 5 сентябрдан буён кузатилаётган ўт очишни тўхтатиш келишувини издан чиқариш хавфини пайдо қилган.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк Россия Президенти Владимир Путинни ўз мамлакатини вайрон қилишни режалаштираётганликда айблаган.

Шанба куни Донецк шимоли қаттиқ замбараклар ҳужумларига тутилган.

Би-би-си мухбири Пол Адамс хабар қилишича, ҳужумлар "Град" ракета тизимларидан ҳам амалга оширилган.

Донецк аэропортини Украина армияси, шаҳар ҳудудини эса россияпараст бўлгинчилар назоратда ушлаб туриптилар.

Аэропорт томонни қалин тутун қоплаган.

Украина ҳарбий сўзчиси Андрий Лисенко сўзларига кўра, сўнгги 24 соат мобайнида бир Украина ҳарбийси, 12 исёнчи ўлдирилган.

Бироқ жаноб Лисенко талофатлар қаерда бўлганини маълум қилмаган.

Киевда Оврўпо ва Украина парламенти аъзолари ҳамда оврўполик бизнесменлар иштирокидаги анжуманда гапирган Бош вазир Арсений Яценюк 5 сентябрдаги ўт очишни тўхтатиш битимини Украинага барқарор тинчлик келтирувчи битим деб кўрмаслигини айтган.

Унинг сабаби, жаноб Яценюк фикрича, Путиннинг Украина шарқида музлатилган можаро нуқтасини яратиш истагидадир.

"Биз ҳамон асосий босқинчи Россия Федерацияси билан уруш босқичидамиз... Путин (Украина шарқида) яна бир музлатилган можаро истайди", деб айтган Бош вазир Яценюк.

Путин фақат Қримнинг Россияга қўшилиши билан чегараланмайди, у Украинанинг асосий русийзабон аҳоли яшайдиган шарқини ҳам қўшиб олишни хоҳлайди, деб айтган у.

Украинанинг НАТОга қўшилиши борасида гапирган жаноб Яценюк, шимолий иттифоқ ҳали Украинани қабул қилишга тайёр эмас, бироқ Украинани ҳимоя қилишнинг ягона имконияти НАТО, деб айтган.

Айни пайтда Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Россия иккинчи Приднестровьени барпо этишни хоҳламайди, деб чиққан.

Украина ва Ғарб давлатлари Россияни Украина шарқига ўз қўшинлари ва танкларини юбориб, шу пайтгача 3000 дан ортиқ инсон ўлимига олиб келган урушда россияпараст бўлгинчиларни дастаклаётганликда айблайди.

Россия бу айбловларни рад этади.

Кремлнинг Россиядан ташқаридаги русийзабон аҳолини муҳофаза қилишга ҳаққи бор, дея юритаётган сиёсати қўшни МДҲ республикаларида ҳам хавотирни юзага келтирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ