НАТО Украинага қурол жўнатмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Украинлар Россиядан ўзларини ҳимоя қилиш учун НАТОга умид кўзини тикишмоқда

"НАТО давлатлари Украианага қурол-яроғ юборишни бошлашди" - деб баёнот берди Украина Мудофаа вазири Валерий Гелетей.

Аммо у айнан қайси давлатлар қандай қуроллар беришаётгани ҳақида тафсилотларни ошкор этгани йўқ.

Бу каби баёнотларни олдинроқ НАТОга аъзо беш давлат, хусусан, АҚШ ҳам рад этганди.

Айни дамда, Киев олий ҳарбий мулоизмига кўра, унинг давлатини фақат НАТОгина Россиядан ҳимоя қила олади.

Ғарб ва Киев вакиллари Россияни Украина ички ишларига аралашиш, бу ердаги россияпараст жангариларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Украина ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш каби амалларда айблашади.

Аммо Москва вакилларига биноан, улар Украинага ҳеч ҳачон қўшин юборишмаган, у ердаги россияпараст жангариларга ёрдам кўрсатишмаган ва ўтган апрел ойидан бери Донецк ҳамда Луганскда давом этаётган жангларга Кремлнинг алоқаси йўқ.

Шарқий Украинада қарийб ярим йилдан бери давом этаётган низоларда 2600 нафардан зиёд инсон ҳалок бўлди.

Жорий ой бошида эълон қилинган оташкесим эса тўла самара бермаяпти ва зўравонлик ҳамда ҳужумлар ҳамон учраб турибди.

Қурол келишуви

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Валерий Гелетейга кўра, НАТО давлатлари Украинага қурол-аслаҳа жўнатишни бошлашган

Украина Мудофаа вазирининг айтишича, шу ой Уэльсда ўтган НАТО саммитида қурол-аслаҳа етказиш борасида келишувга эришилган.

"Биз айнан қайси давлат билан бу борада келишувга борганимизни ошкор эта олмайман" - деди Валерий Гелетей - "Аммо мазкур қуролларни бизга жўнатишганини расман тасдиқлай оламан".

Жаноб Гелетейга кўра, НАТО қуроллари ёрдамида улар Россия президенти Владимир Путинни "тўхтатишни" исташади.

Валерий Гелетей жанобларига мувофиқ, келажакда Украина ядровий қуроллари арсеналини қайта тиклаш саъй-ҳаракатлари ҳам эътибордан соқит қилинмайди.

НАТО расмийларининг урғулашича, улар иттифоққа аъзо бўлмаган Украина каби давлатга ҳалокатли қурол-аслаҳа жўнатишмайди.

Айни дамда, НАТОга аъзо бирон давлат ўз ташаббуси билан Киевга қурол-аслаҳадан ёрдам бериши ҳам мумкинлигини ҳам инкор этишмади.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк ўзининг сўнгги баёнотида "Россия менинг мамлакатимни йўқ қилмоқчи" деб айтган.

Унга кўра, шарқий Украинадаги можарода "асосий тажовузкор" бу - Россия.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ