Ўзбек ижодкорлари фильми Оскардан қуруқ қоладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

“Бешинчи хотин орзусидаги эркак” кино оламининг энг нуфузли мукофотига тавсия этилмаслиги аён бўларкан, фильм ижодкорлари махсус қўмита устидан расман шикоят аризаси билан чиқишган.

Улар бу хусусда Афғонистон Маданият вазирлигига арзнома жўнатиб, қўмита ўзига яқин ва ҳамфикр бўлган бошқа ижодкорлар фильмини Оскар мукофотига қўяётганидан шикоят қилишган.

Айнан Оскар мукофоти масалалари билан шуғулланувчи қўмитанинг ўзи эса, “Афғонфильм” ширкати ва Афғонистон киночилар бирлашмаси вакилларидан ташкил топган.

Фильм директори Сиддиқ Обидийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ўз фильми ноҳақ тарзда Оскар мукофотига тавсия этилмай қолмоқда.

“Бу хусусда Афғонистон парламенти, шунингдек, Маданият вазирлигига расмий мактуб билан шикоят қилдим. Энди, улар ҳам бу масалани кўриб чиқишади. Ҳар иккала фильмни ҳам томоша қилиб, кейин якуний бир қарорга келишади”, - дейди жаноб Обидий:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўтган ҳафта бошида Афғонистон ўзбек киноижодкорлари томонидан яратилган ва уларнинг ўз пулларига молияланган “Бешинчи хотин орзусидаги эркак” фильмини Оскар мукофотига қўярмиш, деган хабарлар чиққанди.

Бу хабарларни фильм ижодкорларининг ўзлари ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатларида тасдиқлашганди.

Аммо, ҳафта охирига келиб, Афғонистон “Бешинчи хотин орзусидаги хотин”ни эмас, эронлик киноижодкор Жамшид Маҳмудий томонидан яратилган “Бирозгина муҳаббат” фильмини кино оламининг энг нуфузли мукофотига тақдим этиши аён бўлган.

Жамшид Маҳмудийнинг ўзи ҳам асли афғонистонлик экани, 1979 йилги Шўролар ишғоли ортидан, оиласи билан Эронга муҳожират қилиб, ўша ерда қолиб кетишгани айтилади.

Афғонистонда ҳам тасвирга олингани ва воқеалари Теҳрон сарҳадларида кечиши айтилган мазкур муҳаббат фильми афғон қочқинларининг фожеий ҳаётларидан ҳикоя қилади.

Хабарларга кўра, 90 дақиқали фильм ўтган йили “Фажр” халқаро кинофестивалига қўйилган ва иккита биллур “Семурғ” мукофотини қўлга киритган.

Ўзбекистоннинг шундоққина биқинида суратга олинган “Бешинчи хотин орзусидаги эркак” фильми эса, Афғонистон шимолидаги маҳаллий аҳоли, айниқса, ўзбекларнинг қадим урф-одат ва анъаналарини кўрсатишни мақсад қилган.

Янги фильм кураш, улоқ ва қўчқор уриштириш каби ўйинлар, ўзбекона миллий либосларни ўзида гавдалантирганди.

Афғонистондаги вазият ва жамиятнинг ўта анъанадор экани боис, фильмдаги аёллар ролларини афғонларнинг ўзлари эмас, қўшни Ҳиндистон, Тожикистон ва қирғизистонлик санъаткорлар ижро этишган.

Ҳинд киноижодкорлари билан ҳамкорликда яратилган ушбу фильм бунгача Ҳиндистон ва Америка кинофестивалларида намойишга қўйилиб, диплом ва совринли ўринларга лойиқ деб топилган.

Фильм директори Сиддиқ Обидийнинг айтишича, қўмитанинг қарори, барибир, “ўзларининг йўлларини тўса олмайди.

“Биз ўз фильмимизни бошқа кинофестивалларга қандай тақдим этган бўлсак, Оскарга ҳам худди шундай тавсия этамиз”, - дейди у Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Айни дамда, “Афғонфильм” киноширкати ўзига нисбатан илгари сурилаётган айбловларни тан олмаган.

Жумладан, ширкат вакилларидан Сиддиқ Бармак фильм ижодкорлари иддаоларини рад этган.

“Афғонистон халқи баъзи бир анъаналарни кўришга қизиқади. Лекин у – яхши фильм меъёрларига жавоб бермайди”, - деб айтган Бармак жаноблари.

“Бирозгина муҳаббат” фильми эса, “Энг яхши хорижий фильм” номинацияси бўйича Оскар мукофотига даъвогарлик қилмоқчи.

Навбатдаги йиллик “Оскар” мукофотини тантанали топшириш маросими 2015 йил 22 февралда бўлиб ўтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ