“Исломий давлат”га қарши коалиция тузилиши ортидан илк ҳаво ҳужумлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ ҳарбийлари хабар қилишларича, 15 сентябр куни Парижда 30 мамлакат АҚШ етакчилигидаги коалицияни дастаклашга ваъда берганларидан кейин илк бор Ироқдаги Синжар тоғлари яқинида “Исломий Давлат” гуруҳининг жангариларига қарши ҳаво ҳужумлари уюштирилган.

Парижда 30 мамлакат Ироқ армиясига ҳарбий кўмак ваъда қилганлар.

Хабар қилинишича, Ироқ қўшинларига “Исломий Давлат” жангарилари ҳужум қилганлар, Ироқ ҳукумат кучларини дастаклаган АҚШ ҳарбий учоқлари жангариларини нишонга олган.

АҚШ ҳарбийлари бу борада баёнот тарқатганлар, баёнотда айтилишича, пойтахт Бағдоддан жануби-ғарбда жойлашган Синжар тоғи яқинидаги “Исломий Давлат” мавқелари нишонга олинган, жангари гуруҳнинг олти автомобили вайрон қилинган.

Синжар атрофига ҳужумлар якшанба ва душанба кунлари уюштирилгани, Американинг барча учоқлари бешикаст ўз базаларига қайтгани хабар қилинган.

Айни пайтда Ироқ Париждаги “Исломий Давлат” таҳдидига қарши халқаро саммитга Эрон таклиф этилмаганини танқид қилган.

Ироқ Ташқи ишлар вазири Иброҳим ал-Жаъфарий сўзларига кўра, “Исломий Давлат”га қарши коралицияга Эрон таклиф қилинмагани “афсусланарлидир”.

Бундан олдин АҚШ Давлат котиби Жон Керри Эрон Сурияда Башар ал-Асад кучларига кўмаклашаётгани учун Америка етакчилигида тузилаётган коалицияга қўшмасликка қарор қилингани ҳақида айтган эди.

Август ойидан буён АҚШ Ироқ ҳудудида 162 ҳаво ҳужумини амалга оширган.

Бундан олдинги ҳужумлардан кўзланган мақсад, Ироқдаги АҚШ манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилиш, қочқинларга ёрдамлашиш ва инфратузилмалар хавфсизлигини таъминлаш бўлгани айтилган.

Сўнгги ҳужумлар эса Президент Обаманинг қаерда бўлишларидан қатъи назар “Исломий Давлат” мавқеларига зарба бериш қарорига асосланган.

Америка Марказий Истиғборот Бошқармаси яқинда эълон қилган маълумотларга кўра, Ироқ ва Суриядаги “Исломий Давлат” жангариларининг сони 20000 дан 31000 гачани ташкил этади.

Бу мавзуда батафсилроқ