Мусулмон олими Жанубий Африкада ўзига хос масжид очди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Мусулмон олими Тож Харгининг айтишича, масжид мутаассиблар эмас, ҳурфикрли инсонлар учун мўлжалланган.

У ўлим таҳдиди ва айрим маҳаллий мусулмон жамоаларининг кескин танқидлари остида ўз режасини амалга оширишга муваффақ бўлган.

Аён бўлишича, янги масжиднинг эшиклари барча дин вакиллари, эркагу аёл ва жинсий озчиликлар учун ҳам очиқ бўлади.

Хабарларга кўра, Кейптаун шаҳридаги бу “Очиқ масжид”да аёллар имомлик ҳам қила олишади.

Мусулмон академигининг айтишича, бу каби масжид кучайиб бораётган исломий радикализмга қарши туришга ёрдам беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Оксфорддаги Исломий Маърифат марказининг профессори бўлган жаноб Харгининг ўйлашича, “диний инқилоб қилишнинг пайти етган”.

“Бундан 20 йил бурун Жанубий Африка тинч инқилобга саҳна бўлган ва апартеиднинг ўрнига демократик тузум қудратга келганди. Ҳозир биз дин соҳасида ҳам худди шу каби ўзгаришларга муҳтожмиз”, - дейди мусулмон олими Би-би-си билан суҳбатида.

Профессор Тож Харгининг ўзи ҳам асли кейптаунлик.

Унинг айтишича, янги масжиднинг эшиклари барча учун бирдек очиқ бўлади: Ундан ҳамма дин вакиллари, эркагу аёл ва ҳамжинсбозлар ҳам бирдек фойдалана олишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Аёллар имомлик қилиш билан бирга, эркаклар билан бир хонада намоз ҳам ўқий олишади.

Профессорга кўра, аёлнинг ўрни, айрим диндорлар ўйлаганидек, тўрт девор ичида бўлмаслиги керак.

Аммо Кейптаундаги йирик мусулмон жамоаси аъзолари бу борада умуман бошқача фикрда.

Улар турли ижтимоий мулоқот тармоқларида янгича масжидни роса танқидга тутишган.

Профессорнинг ўзини эса, “шаккоклик” ва “кофирлик”да айблашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бу каби фикрда бўлган бир гуруҳ мусулмонлар эса, янги масжиднинг очилишига тўсқинлик ҳам қилиб кўрмоқчи бўлишган.

Бунга ўхшаш ҳолатлар ортидан, Жанубий Африкадаги Исломий Адлия Кенгаши Кейптаундаги “Очиқ” масжиднинг фаолиятини текширмоқчи.

Кенгашга кўра, айрим мусулмон жамоаларининг янгича масжид юзасидан хавотирларини беэътибор қолдириб бўлмайди.

Мусулмон олимининг Би-би-сига айтишича эса, “Муҳаммад Пайғамбар(с.а.в) давридагидек барчани бирдек ўз бағрига сиғдирган асл масжидни қайта тиклаш истагида бўлган”.

“Хотин-қизларнинг бегоналарнинг кўзларидан панада бўлишларига оид қарашлар пайғамбаримиз(с.а.в)дан кейин пайдо бўлган ва афсуслар бўлсин, чуқур ўрнашиб қолган”, - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ