ИД гаровдаги туркияликларни қўйиб юборди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғли Шонлиурфа шаҳри аэропортида тутқунларни олиб келган учоққа чиқмоқда

Ироқ шимолидаги Мосул шаҳрида "Исломий Давлат" гуруҳи томонидан тутиб турилган Туркия консуллиги ходимлари қўйиб юборилган ва ватанларига қайтарилган.

Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғлига кўра, шанба куни мамлакат жосуслик хизмати гаровдан озод қилинган 49 кишини жанубдаги Шонлиурфа шаҳрига етказган.

Ҳозир улар пойтахт Анқарага етиб борганлари ва байроқлар тутган оломон тарафидан тантанали кутиб олингани хабар қилинади.

Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари қоронғу, аммо Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бу "махфий амалиёт" бўлганини айтган.

Турк консуллиги ходимлари "Исломий Давлат" июн ойи Мосул шаҳрига шиддат билан бостириб кириши ортидан қўлга олинганди.

Туркия қисман тутқундагилар хавфсизлиги нуқтаи назаридан "Исломий Давлат"га қарши ҳарбий амалиётларга тўғридан-тўғри бош қўшмаган.

Туркия Бош вазири ўринбосари Булент Аринчга кўра, консулликнинг 46 ходими турклар, 3 нафари эса, маҳаллий ироқликлардир. Қўлга олинганлар орасида Бош консул Ўзтурк Йилмаз, бошқа дипломатлар, болалар ва махсус полиция кучлари бўлган.

Аҳмад Довудўғли улар шанба куни қўйиб юборилгани ва ҳаммалари соғ-саломат эканларини билдирган.

Хушхабар

Бош вазир олдинроқ: "Мен халқ кутган хушхабарни бўлишяпман. Эрталабки соатларда ватандошларимиз бизга топширилди ва биз уларни мамлакатга қайтардик. Улар Туркия чегарасини кесиб ўтишди ва мен улар билан кўришиш учун кетяпман", деб айтган.

Жаноб Довудўғли тутқунликдан озод бўлганлар билан учрашиш учун Озарбайжонга сафарини қолдирган.

У ҳам озод қилиш шартлари ва тафсилотларни очиқламаган. Аммо, NTV телеканалининг хабар қилишича, Туркия гаровгирларга пул тўламаган. Телеканал бу маълумотни кимдан қандай олганини айтмаган.

Июн ойи 30дан ортиқ юк машинаси ҳайдовчилари ҳам тутиб олинган, бироқ бир ой ўтиб қўйиб юборилган. Уларнинг ҳам озод қилиниши тафсилотлари оммага очиқланмаганди.

"Исломий Давлат" Ироқ ва Суриянинг катта қисмларини назорат қилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, гуруҳнинг 30, 000 жангчиси борлиги айтилади.

Америка Қўшма Штатлари август ўрталаридан бери Ироқ ҳукумати ва курд қўшинларини дастаклаб, жиҳодчиларга қарши 170дан ортиқ ҳаво ҳужумлари уюштирган.

Жума куни Франция қирувчи учоқлари "Исломий Давлат"га қарши илк ҳужумларини амалга оширган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02