Хитой: нотинч Шинжонда "қонли портлашлар" юз берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хитойнинг асосан уйғурлар яшовчи Шинжон ҳудудида юз берган портлашларда икки одам ҳалок бўлган ва кўплар жароҳат олганлар.

Коммунистик партиянинг маҳаллий хабар агентлиги портлашлар якшанба куни Луҳтай вилоятининг камида учта жойида юз берганини ёзди.

Шинжонда охирги вақтларда маҳаллий мусулмон уйғур аҳолиси ва хитойлик Хан аҳли ўртасида танглик юзага келган.

Охирги ойларда зўравонлик кўлами ошган, хусусан, Урумчи ва жанубий Кунминг шаҳарларида оддий фуқаролар қонли ҳужумлар қурбони бўлганлар.

Июлда Қашғар шаҳрига яқинликдаги полиция ва ҳукумат биноларига қарши уюштирилган ҳужумларда ўнлаб одамлар нобуд бўлган ё жароҳатланган.

Бундан икки кун ўтиб Хитойдаги энг йирик масжид ҳисобланмиш Қашғар масжиди имоми ўлдириб кетилган.

"Тартиб қайта тикланди"

Тяншань хабар агентлиги охирги портлашлар якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 17:00да юз берганини билдирди.

Унга биноан, жароҳатланган одамлар касалхонага олиб кетилган ва "маҳаллий ижтимоий тартиб" қайта ўрнатилган. Сайт бошқа тафсилотларни бермади.

Сал аввалроқ давлат матбуоти июль ойидаги икки ҳужум учун 17 нафар полициячи ва расмийлар жазоланганини хабар қилган, бироқ улар қандай жазоланганини очиқламаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Илҳом Тўхти ўзига қарши маҳкама қарори эълон қилинишини кутаяпти

Ёркент вилоятидаги Қашғар шаҳрида июлда юз берган ҳужумда, давлат матбуотига кўра, 96 одам нобуд бўлган.

Давлат хабар агентлиги ёзишича, 59 қуролли ҳужумчи давлат идораларига бостириб кириб 37 оддий фуқарони ўлдириши ортидан, полиция барча ҳужумчиларни отиб ўлдирган.

Бироқ, фаоллар аслида полиция мусулмонларга Рамазон ҳайитини нишонлаш тақиқланишига қарши чиққан намойишчиларга қарата ўт очганини айтишган.

Хитой нотинчликларга хорижий террорчи гуруҳлардан илҳомланган уйғур бўлгинчилари сабабчи дейди, бироқ фаолларга кўра, Пекиннинг тазйиқлари ғалаённи авж олдирмоқда.

Ой бошида Пекиннинг Шинжондаги репрессив сиёсатини танқид қилиб келган таниқли уйғур олими бўлгинчиликда айбланиб маҳкамага тортилди.

Январь ойида ҳибсга олинган Илҳом Тўхти айбловларни рад қилади. У ўтган йили Пекиннинг Тянанмен майдонида уч уйғур томонидан амалга оширилган ҳудкушлик ҳужумига бўлган ҳукумат жавобини қоралаган.

Жаноб Тўхтининг икки кунлик маҳкама иши ўтган ҳафта ниҳоясига етган. Ҳакам қарори тез кунларда эълон қилиниши кутилади.

БМТ, Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ унинг озод этилишига чақирганлар.

Your contact details
Disclaimer