Хитой таниқли уйғур академигини умрбодга ҳукм этди

Хитой маҳкамаси Илҳом Тўхтани "бўлгинчилик"да айбдор, деб топди.

Бу ҳақда унинг ҳимоячиси билдирди.

Академик Хитой ҳукуматининг мусулмон уйғурларига нисбатан сиёсатининг ошкора танқидчиси сифатида танилган.

Маҳкама ҳукми Шинжон Мухтор Уйғур бўлгасида зўравонликлар кучайиб бораётган бир манзарада кузатилмоқда.

Мухбирларга кўра, бу - расмий Пекиннинг "бўлгинчилар"га нисбатан мавқеъси кескинлашаётганига далолат қилади.

Уйғур академигига берилган жазо халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотларининг эътиборларидан ҳам четда қолмаган.

Жумладан, "Amnesty International" ташкилоти ҳукмга "қабул қилиб бўлмас", - дея баҳо берган.

Маҳкама ҳукми 66 саҳифадан иборат бўлгани ва унда айблов тафсилотлари бирма-бир келтирилгани айтилади.

Хабарларга кўра, маҳкама жараёнида рафиқаси дохил академикнинг тўрт қариндоши ҳам ҳозир бўлишган.

"Бегуноҳман"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шу йил январ ойида ҳибсга олинган Илҳом Тўхта ўзига қўйилган айбларни тан олмай келади.

Орада Оврўпо Иттифоқи, АҚШ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам Хитойни уни озод этишга даъват этишганди.

Аммо сўнгги маҳкама ҳукми бу каби чақириқларнинг самарасиз бўлганини кўрсатади.

Хабарларга кўра, Ўримчи Халқ маҳкамаси Илҳом Тўхтанинг ишини ўтган ҳафта кўриб чиққан.

Маҳкама жараёнининг ўзи эса, бор-йўғи икки кун давом этган.

Жаноб Тўхтанинг ҳимоячиси Ли Фангпинг Би-би-си билан суҳбатида ҳукм юзасидан шикоят аризаси билан чиқишларини айтган.

Маҳкама, шунингдек, уйғур академиги мол-мулкини мусодара этишга ҳам буйруқ берган.

Ҳукм ортидан, ҳуқуқ-тартибот ходимлари маҳкама залидан олиб чиқишга уринишаркан, Илҳом Тўхта, "Ҳеч қачон таслим бўлмаслиги"ни айтган.

"Биз Илҳом Тўхта гуноҳсизлигини айтдик. Бироқ улар "воситачилик, гижгижлаш, ҳис-туйғуларни оловлантириш" каби кўплаб терминларни қўллашди. У Шинжондаги муаммоларга халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини тортиш учун ташқи кучлардан фойдаланишни мақсад қилганини айтишди. Шу йўл билан мамлакатни парчалаш ниятига етмоқчи бўлганини даъво қилишди. У ҳеч қачон бундай ниятда бўлмаган. Далил сифатида эса, унинг матбуотга берган ва синфхонадаги суҳбатларидан фойдаланишди. Илҳом Тўхтанинг ўзи ҳам бундай мақсади бўлмаганини таъкидлади. Бўлгинчиликка қарши эканини ошкора баён қилди. Ҳимоячиси сифатида сизга шуни айтишим керакки, якуний ҳукм "мутлақо қабул қилиб бўлмасдир", - деб айтган жаноб Ли Фангпинг.

Кэрри Грейси, Би-би-си Хитой Хизмати муҳаррири:

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Агар, сиз уйғур бўлсангиз, мустақилликка оид даъватларингиз учун доимо қаттиқ жазоланасиз.

Аммо, сўнгги ҳукм билан боғлиқ энг қизиқ жиҳати шундаки, Илҳом Тўхта террорчи бўлиш уёқда турсин, ҳатто, мустақиллик йўлида кураш олиб борган фаол ҳам эмасди.

У икки жамоани баҳамжиҳатликка ошкора ундаб келган инсон эди.

Ҳибсга олингунга қадар, пойтахт университетларидан бирининг академиги бўлган.

Хитой Коммунистик партиясининг аъзоси саналган.

Шахсий веб саҳифасида чоп этган мақолаларида эса, Шинжон Хитой таркибида қолишини таъкидлаб келган.

Устига устак, уйғурлар томонидан давлатга қарши уюштирилган зўравонликлардан ҳам озорланган.

Бироқ, худди шу ўринда, полициянинг Шинжондаги зўравон амалларини ёқламаган, танқид қилган.

Унинг наздида, бу каби саъй-ҳаракатлар ёш уйғурларнинг радикаллашувига хизмат қилган:

Ёшларни кураш Хитой ва террорчилар ўртасида эмас, Хитой ва Ислом орасида эканига ишонтирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шинжондаги зўравонликларни жиловлаш ҳаракатлари манзарасида сўнгги ҳукм Хитойда муътадил танқидчиларга ҳам ўрин йўқлигини кўрсатади".

Муносабат

"Amnesty International" халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти ҳукмни "адолатнинг поймол этилиши"га тенглаштирган.

Маҳкама жараёнининг ўзи эса, жиддий қонунбузарликлар билан кечганини айтган.

"Ҳимоячиларининг далиллар билан танишишларига изн берилмаган. Олти ой давомида улар ўз мижозларини деярли умуман кўра олишмаган. Сиёсий босим остида ҳимоячиларидан бири Илҳом Тўхтани ҳимоя қилишдан воз кечишга ҳам мажбур бўлган", - дейди халқаро ташкилот.

У ҳибсда экани чоғида бир муддат очлик эълон қилгани ҳам хабар берилганди.

Иқтисодчи олим бўлган Илҳом Тўхта яқинда Америка PEN клубининг махсус мукофотига лойиқ, деб топилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ